17 September 2015
08:03 - Юсуф Жума: Ҳозирги ўзбек шеъриятининг чўққиси бўлган "Руҳлар исёни" шоҳ асарини ёзган Улуғ устозим Эркин Воҳидни соғиниб яшайман
Эсламаган куним йўқ:
Кўнглимга маъқул бирор нарса ёзсам, шуни Эркин ака ўқисалар не дер эканлар деб эслайман, соғинаман.
Мену тушунмасалар, Ёхуд тушунишни истамасалар эслайман.
Ғанимларим тош отсалар, камситсалар яна Эркин акани эслайман, соғинаман.

Барига тупуриб, Сизлар кимсизлар ўзи, даҳо устозим Эркин Воҳид Юсуф Жуманинг кичик бир шеърида кутубхона-кутубхона китобларнинг қудрати бор деб ёзганлар, Баҳом ҳам шу, мукофотим ҳам шу деб фахрланаман.

Ўтган аср 80- йиллар бошида Улуғ зот Сарвар оға Азимов (руҳларига Тангрининг чексиз рахмати ёғилсин) Бухорода Ёзувчилар Уюшмасининг кўчма семинарини ўтказдилар. Бухоро Университетининг катта залида тунда шеърхонлик бўлди. Казо казолар энг машҳурлар шеърлар ўқидилар. Менга навбат берилиши хаёлимга ҳам келмаган, бир танишимнинг уйига кетмоқчи бўлиб турувдик, кутилмаганда менга навбат берилди. Битта шеър ўқиб тушиб кетдим, залда узоқ қарсак янгради. Эртаси куни йиғинда Сарвар оға: "Юсуф Жума шеър ўқигач, Бухорода шеърият борлиги билинди," - дедилар.

Бир машҳур шоир мени роса ерга урди. "Шарқ юлдузи" муҳаррири Пирмат Шермуҳаммедов мени миллатчиликда айблади.
- Билибми, билмайми?! - деб сўради Сарвар оға Пирмат акадан.
- Билмай, билмай! - деб юборди Пирмат ака.

Раҳматлик Сарвар оға бир оғиз сўз оҳангги билан мени балодан қутқаргандилар.
Алқисса йиғиндан сўнг қадрдон опам, ажойиб шоира Гулчеҳра Нуруллаевага телефон қилдим.

- Гулчеҳра опа, энди мен шеър ёзмайман!
- Нега, Юсуфжон?!
- Фалончи (Машҳур шоир номини айтдим) Юсуфдан шоир чиқмайди маъносида гапирди.
- Наҳотки, Юсуфжон?! Деса дебдида! Толстой Шекспирни тан олмаган, хўш нима бўлибди?!

Мен сўзимда туриб олдим.
- Юсуфжон! - дедилар умрлари узун бўлгур суюкли опам, - Менга ишонмасангиз, келинг Эркин акангизга борамиз. Эркин акангизга ишонасиз. Ҳозир Ўзбекистонда эмаслар, бир ҳафтада қайтсалар керак.

Мен рози бўлдим.
У пайтлар Эркин ака "Ёшлик"да муҳаррир эдилар. Опа ука Эркин акага бордик.
Эркин ака машҳур шоир сўзини эшитиб хафа бўлдилар.
- Ростдан шундай дедими?!
- Ростдан!
- Ўзидан кейинги оқимни зўр оқимни олқишлаган яшариб, янада қудратли бўлиб бораверади. Бу оқимни кўролмаган ўзини ўзи еб адо бўлади. Сизга ҳам шундай оқим келса Сиз бундай қилманг! Қани шеърларни олинг, - дедилар.

Эркин ака бир даста шеърларни ўқидилар. Ҳар шеърдан сўнг "Яшанг" дердилар.
Гулчеҳра опамлар:
- Бу Сўз сизнинг Нобел мукофотингиз! Эркин ака унча бунча шеърга яшанг демайдилар, - деб жилмайиб ўтирдилар. Эркин ака бир ходимни чақириб, шеърларни бердилар.
- Тушаётган сонга!

"Ёшликда" Эркин ака муҳаррир пайтлар шеърларим газетага берилгандан ҳам тез чиқарди.
Ҳар доим:
- Тушаётга сонга, - дердилар.

Бугун АҚШда туриб ўйлайман: Энг бахтли пайтларим экан.
Қишлоқдан - Қоракўлдан латта туфли кийиб келардим, ҳамма кийимим ўн сўмлик чиқмасди. Буюк Устозим Эркин Воҳид ва суюкли опам ва устозим Гулчеҳра Нуруллаева шу қишлоқи болани қўллардилар. . .

Эркин ака ҳазил шеърларимни айрича бир меҳр билан ўқиб, шу йўналишда кўпроқ ёзинг дердилар. Бугун ҳазил шеърларимни ҳақорат деб, тош отсалар қани Эркин ака ўқисалар дейман.

Шоҳим, тингланг Юсуфни - қишлоқнинг боласини,
Кўринг, Қоракўлимнинг Бойкентдек қалъасини.
Меҳмонга қўй калласин едирмоқ бизда одат,
Мен Сизга едираман отимнинг калласини.

Жаслиқда - зиндонда бир раҳбар "шеър ўқинг Юсуф ака!" - деди.

Бағримдан тилкаси - пораси қолган,
Қалбдан қолган бўлса яраси қолган.
Нечун ўлмаяпман ҳажрингда, эй ёр,
Лабимда лабингнинг шираси қолган

деб тўртлик ўқидим. Погонли раҳбар:
- Қойил, бу шеърни Эркин ака ўқисалар не дер эканлар, - деди кўнглимдагини уққандай.

Саҳрода, мутлақо бошқа соҳа одами - оддий шеърхон адабиёт мендан бошланиб менда тугайди деган нодон, шеърсиз "шоир"лардан кўра минг карра яхшироқ англайди шеъриятни.
Муаммо тушунишда ҳам эмас, юракларнинг кирлигида.

Эркин Воҳид тенгдошларию, ўзидан кичикларнинг эмас, ўзидан катта ёшдагиларнинг ҳам узтозидир. Катта авлодлар шеъриятига ҳам Эркин ака шеърияти таъсир этган.
Эркин Воҳид энг машҳурлардан бири Абдулла Орифнинг ҳам устозидир. Дастлабки шеърларни солиштиринг. Мавзулар яқинлиги, таъсир билиниб туради.

1974 йилда ўсмир пайтим Тошкентда билимлар уйида Янги йил арафасида шеърхонлик бўлди. Телевизорда берилган. Ўша замонда Эркин ака "Балки шогирдимдир, балки устозим Абдулла олдида таъзим қиламан," дегандилар. Ҳам камтарона, ҳам мардона!

Афсуски, бизда 99 фоиз ижодкорда мардлик етишмайди, ҳасад уларни бичиб қўйган.
Ҳамма ҳам Эркин Воҳиддай эр бўлолмайди.

Машҳур шоир Евгений Евтушенконинг хотираларини ўқидим, эр шоир, бизнинг минғир-минғир шоирлардай ноэр эмас. Кимдан услубни ўрганган, кимдан бошқа жиҳатларни ўрганган, барча устозларини ҳурмат билан эслайди. Ҳолбуки, кўпидан ўзган, бизникилар бундай эмас.

"Онамнинг қорнида ҳам даҳо шоир эдим"- дейди шоирлар.
"Онамнинг қорнида ҳам авлиё эдим, Оллоҳ дердим, Юсуфдай Ленин ҳақида шеър ёзмаганман,"- дейди на шоир, на диндор бўлган чаламуллалар, ҳам даҳолик, ҳам авлиёликка даъвогар ҳасадгўйлар.
Юсуфдек ўсмирлигингдан КГБ рўйхатига тушиб, умр бўйи сўроқ бераверсанг, омон қолиш учун адолат тимсоли деб ўқитилган Ленинни ҳам мақтаб қўярдингда, номард?!

Кечагача ароқхўрлик энди авлиё бўлиб қолдингми, жаноб алкаш?! Аршларинг бутилка, худоларинг ўриснинг ароғи, ибодатхонанг, кураш майдонинг ароқхона эди, жаноб қаҳрамон!

Эркин Воҳидни э ҳе . . ким ўзи, биз турганда дейишади.
Ҳой, "Биз турганда" дейдиганлар, аввал Эркин Воҳиднинг шогирди Юсуф Жума билан беллашинг:

Руҳимда бор икки қанот -
Бири Қуръон, бири Ҳадис.
Мангу ҳаёт, мангу нажот -
Бири Қуръон, бири Ҳадис.

Икки дунё зафар билан,
Жайхун билан, Кавсар билан.
Юксаламан қўш пар билан
Бири Қуръон, бири Ҳадис.

Юрагимда ўзларидир,
Тилагимда ўзларидир.
Фалагимда ўзларидир,
Бири Қуръон, бири Ҳадис.

Мен аҳли дунёдан ўздим,
Ҳазрати Мусодан ўздим.
Тўққизта самодан ўздим,
Бири Қуръон, бири Ҳадис.

Муқаддас сўзларин кўрдим,
Сўзида ўзларин кўрдим.
Муборак юзларин кўрдим,
Бири Қуръон, бири Ҳадис.

Икки оламда Бийдирман,
Юсуф Аллоҳ қулийдирман.
Юсуфман Оллоҳийдирман,
Бири Қуръон, бири Ҳадис.

Шогирдининг шу шеърига тенг бир шеър шеъриятингиздан топиб кўринг-чи?!
Шогирднинг эллик йил исёнда, оташда чархланган қаламини енгиб кўринг-чи?!
Ёнгиб ўтсангиз кўрадиганингизни кўрасиз - Устознинг етмиш йил маҳорат билан чархланган қалами белингизни синдиради.
Сизга ўхшаганлар бир замон Тошкент ҳақида поэма ёзиш Мақсуд Шайхзодага қолибдими деб камситганлар даҳо шоирни.

Улуғ Алишер Навоийнинг муборак руҳларидан узр сўраб айтаманки, "Садди Искандарий" дан "Мирзо Улуғбек" даги Темур манологи юксак ва миллат учун тенгсиз Сабоқдир. Эй менинг Пир бобом, нима қилардингиз Темурхондай доҳий (Абдулла Қодирий) бобонгиз турганда, аллақандай босқинчи Искандарни мадҳ этиб?!
Даҳолар даҳоси Мақсуд Шайхзода ёзган Мирзо Улуғбекдаги Темур манологи миллат руҳи бўлмоғи, болалар боғча ёшидан ёд олмоғи зарур. Шунда миллат миллат Турон Турон бўлади.

Мени туққан онам бундоқ, мендан туғилган
ўғил бундоқ, уялгин, эй кажрафтор фалак!
(Мақсуд Шайхзода Мирзо Улуғбекдан)

Бу байт билан беллашадиган байтни Буюк Шекспирдан ҳам тополмайсиз. Яқинда бир олим дўстим Шайхзоданинг бўш шеърлари ҳам борда деб қолди. Ҳамма шеъри бўш бўлса ҳам "Мирзо Улуғбек" билан беллашадиган асар дунёда йўқ.
"Ўткан кунлар" билан беллашадиган роман дунёда, Толстойда йўқ. Бу ҳақда ёзиб исбот этганман.

Айрим нодон ижодкорлар "Ўтган кунлар"ни йигирма яшар бола Қодирий ёзган, Биз юзга яқинлашдик, Қодирийдан беш карра зўр ёзувчимиз, шоирмиз деб ўйлашади.

Баҳодир бобомиз Култегиннинг қабр тошидаги битиклар бутун адабиётдан қудратли ва муҳимдир. Ялла-ёрим шеърлардан кўра ёш авлодга шу битикни ёдлатмак керак. Миллатга ҳезона адабиёт эмас мардона адабиёт, мардона шеърият, мардона сўз керак. "Руҳлар исёни" мардона шеърият. Буюк Чўлпоннинг : "Кўнгил сен бунчалар нега кишанлар билан дўстлашдинг, " деб бошланадиган шеъри не не шоирларнинг ўн томликларидан қудратли. барча баёзлардан зўр!
Ҳақиқий Шеърият миллатга, юртга, юракка хизмат қилади. Йўқса шеърият эмас, адабиёт эмас!

Эркин Воҳиднинг "Руҳлар исёни" "Фауст"дан юксак. "Ўзбегим" ёзилгандан буён миллат гимни.
Ўлмас шеърлари бесаноқ.
Даҳо Устозимга Ҳазрат Нуҳ умрини сўрайман.

Дор ҳақида ривоят

Эр бутун умр элни
Эр бўлишга чорлади.
Ё шер қилишга дилни,
Ё ўлишга чорлади.

Душман эди тўрт тараф
Бостириб келди мана.
Курашганларга - шараф,
Деб жангда оташ сийна.

Лекин эл қўрқоқ - номард,
Ҳамма кетди сотилиб.
Сотқинликдан, уятдан
Ой кун қолди тутилиб.

Бир лашкарга қарши тик
Борар бир эр фидойи.
Ўқлардан илма тешик
Икки қўли, икки пойи.

Бир дор қурдирди босқин
Этган юртнинг тождори.
Осилсин, дер бор сотқин,
Эр ҳам шулар қатори.

Битта битталаб осинг,
Кўриш менга чексиз завқ.
Кун тун кўкда дод саси,
Осилди бор сотқин халқ.

Дор бўшади, бас, навбат
Ёлғиз курашган эрга.
Сўнги тилагингни айт,
Зўр тан беради зўрга.

Ғолиб тождор сўзида
Тағин этади давом.
Гар бўйин эгсанг бизга
Ҳаёт қиламан инъом.

Эр дер, бўсунмасман,
Лекин тилагим бордир.
Янги дор қурдир, менга
Бу дорда ўлмоқ ордир.

Сотқин қавм тортилган
Сиртмоқда ўлмайин хор.
Уятдан кун тутилган
Майли тиғлат, ихтиёр.

Ғолиб ҳукмдор деди:
Эрни давола, табиб.
Дўст бўлса яхши эди
Майли бўлса ҳам рақиб.

О Сотқин элим, сени
Оссалар бахтим минг бор.
Янги дорда шу куни
Осилишга мен тайёр.

10. 09. 2015.