14 September 2015
19:45 - Тошкентдаги олий ўқув юртлари талабалари пахта теримига сафарбар қилинди

Эртага, 15 сентябрь куни Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат Техника университети, Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат Иқтисодиёт университети ҳамда Тошкент давлат Аграр университети талабалари Жиззах ва Сирдарё вилояти туманларига пахта ҳашарига сафарбар қилинади. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги томонидан ажратилган махсус транспорт воситалари талабаларни далаларга элтади.

Ҳашар даврида талабалар ёшига қараб гуруҳларга ажратилади ва ҳар бир гуруҳга деканлар, проректорлар куратор этиб тайинланади. Шунингдек, терим даврида ҳашарчиларнинг хавфсизлиги, меҳнат муҳофазасига доир чоралар билан Ўзбекистон ИИВ, ФВВ ва прокуратура органлари шуғулланади.

Шу йилнинг 5 сентябрида ҳукумат раҳбари Шавкат Мирзиё тарафидан пахта теримига оммавий сафарбарлик чақирилган. Жойларда бюджет ташкилотлари ходимлари, муассасалар ишчи-ходимлари теримга сафарбар этилган. Пахта фронти даврида тўй-маърака қилиш, бозор-ўчар ёки оммани чалғитувчи бошқа ҳаракатларни амалга ошириш таъқиқланган.