12 September 2015
22:13 - Туркияда ҳокимиятда бўлган Адолат ва Тараққиёт Партиясининг қурултойи бўлиб ўтди

Хабарларда бу қурултой навбатдаги қурултой сифатида тақдим этилмоқда. Балки, у ростдан ҳам навбатагисидир. Аммо, бундай қурултой ўтказилиши Туркия сиёсий кризисга кирганидан кейин эълон қилиниб, ўта тезликда ўтказилаганидан тушуниш мумкинки, у аслида фавқулодда қурултой бўлган.

Қурултойда бу партиянинг ҳақиқий лидери ва бошқарувчиси бўлган, аммо Конституцияга кўра ҳеч бир партия аъзоси бўлолмайдиган жорийдаги Президент Ражаб Эрдўғон қатнашгани йўқ, аммо, амалда ҳамма нарсани у бошқаргани тўғридан-тўғри бўлмаса ҳам, имо-ишоралар билан айтилмоқда.

Партия раиси этиб, шу пайтгача қоғоздагина раис бўлган Бош вазир Аҳмад Довудўғли (расмда) қайтадан сайланди. Аммо, партиянинг ўзбекчасига Марказий Кенгаш деса бўладиган Марказий Қарор Бошқаруви Кенгашининг 50 аъзосидан 29 нафари янгиланди. Кенгашнинг янги таркибига Ражаб Эрдўғонга яқинлиги билан танилган янги одамлар киритилди.Сўнги 13 йилда Эрдўғоннинг ўнг қўли бўлган сиёсатчилар Марказий Кенгашга киритилмади.

Буни тушуниш мумкин, чунки, Ражаб Эрдўғон ва унинг партияси олиб борган сиёсат натижасида Туркия оғир аҳволда эканлигини Эрдўғоннинг ўзи ҳам билади. Бу сиёсатнинг марказида мамлакатни исломлаштириш нияти борлигини ҳозир кўзи кўр одам ҳам кўриб турибди. Бу сиёсат натижасида Туркиядан уч ойдан бери янги ҳукумат қурилолмади, ПКК номи билан танилган курд террористлари истаганларини қилмоқдалар, ҳар куни террористик ҳужумлар уюштирмоқдалар, туркларни ўлдирмоқдалар.

Шундай экан, АТП ишни раҳбарларни алмаштиришдан бошлаши керак эди. Ундай бўлмади, демак, Туркияда катта ўзгаришлар бўлмайди, мамлакат яқин орада кризисдан чиқолмайди.

Аммо, маълумки, 1 ноябрга муддатидан олдин парламент сайловлари тайинланган. Балки, бу сайловларда турк миллати мавжуд партияларга муносабатини кўрсатади, ўзи истаганларни ҳокимиятга келтиради.