09 September 2015
20:32 - Россияда ҳуқуқ ҳимоячиси қамоқдаги одамнинг қизидан 1 млн рубль олишда айбланмоқда, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам эҳтиёт бўлишлари керак

Ҳуқуқ ҳимоячиси “Гулагу.нет” ташкилотининг раҳбари Владимир Осечкинга асосланиб, LifeNews телеканали ва унинг Интернет нашри тарқатган хабарга кўра, Владимир Осечкин (расмда) ва бошқа ҳуқуқ ҳимоячиси Денис Солдатовнинг уйларида терговчилар бугун тинтув ўтказдилар.

Бу ҳуқуқ ҳимоячилари устидан полицияга Наталья Малинина исмли аёл шикоят қилибди. Аёлнинг айтишича, у ҳибсга олинган отасини озод қилиш масаласида ёрдам сўраб Владимир Осечкинга мурожаат қилган экан, Владимир Осечкин аёлни Денис Солдатов билан таништириб, айнан у ёрдам беришини айтибди. Денис Солдатов бу ишни олиб боришда, уни оммавий ахборот воситаларида ёритишда ёрдам беришга ваъда қилибди. Терговчиларга кўра, у Наталья Малининадан бу ишлар учун 1 млн рубль пул сўрабди, аёл бу пулни берибди.

Хабарда бошқа тафсилотлар йўқ, аммо терговчилар айтишича, ҳуқуқ ҳимоячилари Наталья Малининага ҳеч қандай ёрдам бермаганлари, Владимир Осечкин Давлат Думаси қошидаги озодликдан маҳрум этилганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган ишчи гуруҳининг раҳбари эканлиги айтиб ўтилади.

Ҳозир Россияда Совет замонларини эслатувчи тузум мустаҳкамаланиб бормоқда. Ҳуқуқ ҳимоячилари фақат тузумга хизмат қиладиган номи улуғ ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг босими остида қолганларини ҳозир ҳамма билади. Айнан шундай шароитда, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам жуда эҳтиёт бўлишлари керак, чунки уларга қарши шантажлар уюштирилиши, кейин улар фирибгарликда айбланиши ҳам мумкин.