07 September 2015
16:17 - Шармандалик: Испания полицияси ИШИДга одам ёллаш билан шуғулланган исломчи аёлни кишанлари билан шаҳар кўчаларида юргизди

Туркиядаги энг катта “Миллиёт” газетасининг хабарига кўра, Испаниянинг махсус хизматлари асли Морокко давлатидан бўлган, аммо сўнги йилларда Испанияда яшаётган 18 ёшли Ража Э. исмли қиз ёки аёлни ИШИДга одам ёллаш айби билан қўлга туширдилар ва ҳибсга олдилар.

Ража Э. Испаниянинг Гандия шаҳридаги уйида ушлангандан кейин қўлларига кишан солинган ҳолда ва бошига кийган қора чодири билан шаҳар кўчаларида намойишкорона юргизилибди. У қиз ёки аёл жиноят қилган бўлса, унинг ушланиши табиий нарса, дейди мухбиримиз, аммо уни шу ҳолда шаҳар кўчаларида айлантириш Испания расмийларининг шармандалик иши дейиш мумкин.

“Миллиёт” газетасидаги хабарида Ража ИШИД учун қанча одам ёллагани, улар билан нима бўлгани айтилмайди, аммо Ражанинг ўзи ҳам яқин кунларда Туркия орқали Сурияга кетишга тайёрланаётгани таъкидланади.

Аслида, бу Ража кабиларнинг ҳаммаси ИШИДга қўшилиб, муқаддас ишга хизмат қилишларига, шу йўл билан мусулмонларни ҳозирги ғариб аҳволдан қутқариш мумкинлигига ишонган ёки ишонтирилган бечоралардир. Исломда фундамента ислоҳотлар ўтказилиб, ислом ҳозирги ғариб аҳволдан чиқишнинг самарали йўлларини топмагунча, минг афсуски, ҳозирги аҳвол давом этаверади. Самарали йўл - ислом дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилишидир. Аммо, мусулмонлар ҳали бу ҳақиқатни тушунадиган савияга келмадилар.