05 September 2015
04:51 - Юсуф Жума: Халқдан кўра қўйлар зиёда
Болаликда тунларни бедор
Ўтказардим, юлдузлар дўст-ёр.

Саҳар чоғи боқардим пода,
Қўйлар ўтлар, кўзим самода.

Сомон йўли шоҳ байт сингари
Осмон сирли ҳайрат сингари.

Ўтди замон умримдай ёмон,
Мен-чи, пода боқаман ҳамон.

Бу эл деган пода энг тубан
Қўйлардан ҳам онгсизроқ экан.

Қўшт-қўшт десанг қўйлар албатта
Хато йўлдан қайтар ғайратга.

Бу пода-чи қашқирлар томон
Қочиб қолар, келади қирон.

Ё қочади қассоб сарига
Қассоб - подшо қирғин барига.

Қўйлар солар сасингга қулоқ
Бу эл қулоқ осмайди мутлоқ.

Парво қилмас додлаб қолсам ҳам,
Чўпон таёқ билан солсам ҳам.

Бас, чўпонлик - шоирлик, басдир,
Қассоб подшо - ҳақи, абасдир.

Халқдан кўра қўйлар зиёда
Сотиб олиб тузайин пода.

31 август, 2015 йил.