30 August 2015
14:48 - БЕКОБОДДАГИ ИЗОЛЯТОРДА ЎЛДИРИЛГАН ДИНДОР ИШИ СУДДА ТАФТИШ ҚИЛИНМОҚДА (Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи - №29, 29.08.2015)

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Бекобод шаҳар судида Тошкент вилояти Бекобод шаҳар ИИБга қарашли тергов ҳибсхонасининг икки нафар тезкор ходими – Зокир Кубаев ва Ҳасан Тошматовга оид жиноят иши кўрилиши тўхтатиб қўйилди. Суд иши тўхтатилишига судга гувоҳ тариқасида жалб қилинган суд тиббий экпертларининг гувоҳлик беришдан бош тортаётгани сабаб бўлган.

Маълум бўлишича, тергов изолятори тезкор вакиллари Зокир Кубаев ва Ҳасан Тошматов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 207-модда (Мансабга совуққонлик билан қараш) билан айбланмоқда. Жиноят иши материалларига кўра, милиция ходимларининг совуққонлиги натижасида шу йилнинг 9 апрелига ўтар кечаси тергов изоляторида 28 яшар Камолиддин Қўзиев ўз жонига қасд қилган.

Судланувчиларнинг судда беришаётган гувоҳлигига кўра, Бекобод тумани ИИБ раҳбарияти Зокир Кубаев ва Ҳасан Тошматовни алдов йўли билан ходимларни суднинг қора курсисига ўтиришига мажбур қилган. Яъни, милиция ходимларига тергов даврида Камолиддин Қўзиевнинг ўлими суиқасд экани ҳақида кўрсатма беришни тайинлаган. Аслида эса маҳкум тергов изоляторига ваҳшиёна қийноқлардан сўнг келтирилган ва қийноқлар натижасида вафот этган.

Кейинчалик Зокир Кубаев ва Ҳасан Тошматовлар ўзларининг алданганини билишган ва ҳақиқатни ошкор қилишмоқда. Яъни, улар тергов изоляторига масъул сифатида Камолиддин Қўзиевни аввалига оғир аҳволда бўлгани боис қабул қилишмаган, раҳбариятнинг аралашувидан сўнг улар жиноят қидирув бўлими ходимларидан Қўзиевни қабул қилиб олишган. Зокир Кубаев ва Ҳасан Тошматовларнинг суддаги кўрсатмалари бутун Бекобод ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбариятини боши берк кўчага киритиб қўйди. Ҳатто Камолиддин Қўзиевниннг жасадини кўрикдан ўтказган тиббий экспертлар судга келишдан бош тортишмоқда, суд 7 сентябрдаги суд мажлисига уларни мажбурий келтириш юзасидан ажрим чиқарган.

Марҳум Камолиддин Қўзиевнинг ота-онаси, қариндошлари фарзандининг ўз жонига қасд қилмагани, аксинча, унинг сўроқлар даврида жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан қийноққа солингани ва бунинг натижасида вафот этганидан хабар топгач Бекобод туман ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига иношчи қолмаган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти мазкур суд жараёнини кузатиб бормоқда. Воқеалар ривожи, угвоҳларнинг кўрсатмалари марҳум Камолиддин Қўзиевнинг ўз жонига қасд қилмагани, аксинча, қийноқлар қурбони бўлганини кўрсатмоқда. Аксинча, Бекобод ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қийноқ фактини яширишга уринаётганини таъкидлаб турибди. Жамиятимиз мазкур воқеа юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасини дарҳол изоҳ беришга чақиради!