28 August 2015
03:00 - Кимларгадир сенсация, аммо Абдураҳим Пўлатга эмас: АҚШ Ўзбекистонни ИШИДга қарши коалицияга чақирди (Тўлатилган вариант)

Бир соатча аввал Reuters агентлиги АҚШ Давлат Котиби ёрдамчисининг Марказий Осиё масалалари бўйича ўринбосари Дэниэл Розенблюм (Daniel Rosenblum) пайшанба куни (яъни кеча, Вашингтонда ҳали бугун) Ўзбекистонни ИШИДга қарши коалицияга қўшилишга чақирганини хабар қилди.

Биз, дебди ҳозир Ўзбекистоннинг пойтахтида бўлган Дэниэл Розенблюм, Ўзбекистонни коалицияга аъзо бўлишга чақирдик. Коалиция ИШИДни Сурия ва Ироқда урмоқда. Бундан ташқари, бу ташкилотга келаётган молиявий ёрдам оқимларини тўхтатиш, унга қўшилиш учун келаётганлар ҳақида ахборот тўплаш ва яна 5-6 та йўналишда иш олиб борилмоқда. Ўзбекистон ёки бошқа давлатлар шу йўналишлардан бирида ўз ҳиссаларни қўшолардилар.

Аммо, дейди Reuters тарқатган хабарнинг муаллифи Муҳаммадшариф Маматқулов, Ўзбекистон расмийлари билан комментарий олиш учун контакт қилолмадик.

Аслида, дйди “Ҳаракат” мухбири, Муҳаммадшариф Маматқуловнинг бу гапларидан кейин хабарнинг ҳеч қандай маъноси қолмайди. Чунки, Дэниэл Розенблюмнинг таклифини хабар қилишга рози бўлган Ўзбекистон расмийлари контакдан қочармидилар? Кўринишидан, АҚШ тарафидан таклиф бўлган, аммо буни кутмаган Ўзбекистон расмийлари Ислом Каримнинг рухсатини олмасдан ҳеч қандай жавоб қайтаролмаганлар.

Хўш, Ўзбекистон қайси соҳада ИШИДга қарши курашга киролади? Ўзбекистон аскарлари Ироқ ёки Сурияга бориб, ИШИДга қарши уруш қилоладими? Йўқ, чунки, Ўзбекистон у ерга аскар юборса, аскарларнинг ярмиси дарҳол ИШИД тарафига ўтиб кетади, қолган ярми тўғри келган жойга қараб қочади. Ўзбекистон ИШИДга келаётган молиявий оқимларни тўхтатишда ёрдам бериши мумкинлигига эса аҳмоқ ҳам ишонмайди.

Демак, Ўзбекистонни жаноб Розенблюм айтган қандайдир сирли 5-6 йўналишдан бирида ишлатиш кўзда тутилмоқда. Буни тушуниш учун, баъзи сабаблар билан “Ҳаракат” сайтида ҳам эълон қилинмаган баъзи воқеаларни билиш керак. Мана ўша воқаларнинг асосийси.

Шу йил 6 мартда АҚШ Давлат Департаментида юқорида номи тилга олинган Дэниэл Розенблюм “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат ва “Бирлик” Партиясининг Бош котиби, айни замонда, ҳуқуқ ҳимоячиси “Эзгулик” жамиятининг раиси Васила Иноят билан учрашди.

Ўша учрашувдан кейин, тўғрироғи, 15 март куни Дэниэл Розенблюмга мактуб йўллаган Абдураҳим Пўлат 6 мартдаги учрашув пайтида “шок терапияси” усуллари билан гапиргани тасодифий бўлмаганини, ҳатто АҚШ расмийлари Ислом терроризмининг илдизлари қаерда эканлигини тушунмаётганлари сабабли, улар билан айнан шу шаклда гаплашишга аввалдан қарор қилганини билдирди. Абдурҳим Пўлат АҚШ расмийлари Ислом терроризмининг илдизларини ҳалигача тушуниб етгмаганларини урғулаб, бу хусусда АҚШ Президенти Барака Обамага ёзган хатини ҳам илова қилди.

У хатнинг асосида шу пайтгача ҳеч ким тилга олмаган мавзу ётибди: ислом терроризмининг илдизлари Ислом динининг Қуръонни хато тафсир қилишдан келиб чиқувчи хато тушунчаларидадир, демак, уларни тузатиш лозим. Улар тузатилса, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилади ва ислом терроризмининг илдизлари қирқилади. Айни замонда, Президент Барак Обамага ёзилган хатда АҚШ сиёсатчилари Ўзбекистоннинг нафақат минтақадаги, балки, бутун дунёдаги ролини ҳалигача тушунмаганлари, АҚШнинг ноҳукумат ташкилотлари эса, исломий дин эркинлиги нима эканлигини яхши тушунмасдан, потенциал ислом террорчиларига ёрдам бериб келаётганларини, ислом терроризмининг илдизини қирқиш учун авваламбор ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилишига эришиш лозимлигини урғуланган эди.

Ҳозир ҳеч қандай шубҳа йўқки, АҚШ расмийлари “Бирлик” лидерлари билан учрашув ва Абдураҳим Пўлатнинг АҚШ Президентига ёзган хати таъсири остида Ўзбекистонни ИШИДга қарши коалицияга тортиб, айнан ислом динини тезроқ дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилдириш масаласида ишлатмоқчилар.

Ўзбекистон жаноб Розенблюм тарафидан етказилган АҚШнинг таклифларини қабул қилиши ва ИШИДга қарши коалицияга қўшилиши, ислом динига дунёвийлик принципини қабул қилдириш масаласида иш бошлаши керак, дейди мухбиримиз. Бухорои шарифни бутун дунё мусулмонлари билади, демак, бу ердаги ислом олим ва уламолари кўтарган масалаларга эътибор кучли бўлади. Ўшандагина Абдураҳим Пўлат тарафидан АҚШ Президенти Барак Обамага ёзилган хатдаги бир қатор таклифлар амалда ишлашга бошлайди.