27 August 2015
22:10 - Тошкентга АҚШ Давлат Департаменти мулозими келди, Васила Иноят ва бошқа фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашди
Бугун Тошкентга АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Даниел Розенблюм келди. Расмий хабарга кўра, меҳмон Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комил ва бошқалар билан учрашган. Учрашувларда ўзбек-америка муносабатлари, сиёсий алоқаларга оид маслалар муҳокама қилинган. Давлат Департаменти мулозимига элчи Памела Спратлен ҳамроҳлик қилибди. Расмий хабарда бундан бошқа тафсилот йўқ.

Бу учрашувлардан олдин эса Розенблюм АҚШ элчихонасида фуқаролик жамияти вакилларини қабул қилган. Хусусан, учрашувда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятова, Ҳуқуқ ҳимоячилари альянси фаоллари Елена Урлаева, Дмитрий Тихонов, фарғоналик Абсалом Эргашев, Бухородан Шуҳрат Ғаниев ва хоразмлик Ҳайитбой Ёқубовлар иштирок этишган.

Мухбиримизга кўра, “Бирлик” Партияси Бош котиби, “Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова учрашувда аввало сиёсий ҳуқуқлар, сиёсий маҳкумлар масаласини кўтарган. Шунингдек, мажбурий меҳнат ва миграция мавзуида гапирган.

“Розенблюм Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири билан учрашувда қамоқларда қолаётган фуқаролик жамияти вакиллари масаласини кўтаришга ваъда берди. Шунингдек, бошқа расмий доиралардаги учрашувларда ҳам сиёсий маҳкумлар, сиёсий ҳуқуқлар масаласини тилга олишини айтди” дейди Васила Иноятова.