24 August 2015
09:46 - Европа ва АҚШнинг боши меҳнат муҳожирлари билан дардда, бу нарса Оллoҳ тарафидан мусулмонлар учун қилинмоқда

Осиёнинг Яқин Шарқи ва Африканинг катта қисмида сиёсий барқарорлик йўқ, сабаб – ислом фанатиклари ҳеч нарсадан тап тортмай, мусулмон бўлмаганларни ва ўрта асрларга қайтишни истамаётган мусулмонларни ваҳшийларча ўлдирмоқдалар. Шиа ва сунний мазҳаблар ўртасида ҳам охири кўринмайдиган уруш бошланиб бўлган.

Бундай шароитда, шундоқ ҳам қашшоқ бўлган мамлакатлардан қочиш ниятидагиларнинг сони кескин ортиб бориши табиийдир. Ҳозир айнан шундоқ бўлмоқда. Яқин Шарқ ва Африкадан Европага қочаётганларни Ўрта ер денгизида ҳар куни бўлмаса ҳам, кун ора ботиб кетаётган меҳнат муҳожирлари тўла кемалар фожеаси ҳам тўхтатаётгани йўқ. Туркия орқали Юнонистонга келиб олган ўн минглаб меҳнат муҳожирлари Европанинг маркзий ва ғарбий қисмига етиб бориш учун, Юнонистон билан қўшни давлатларнинг чегараларини оммавий равишда бузиб ўтмоқдалар. Европа давлатларининг боши қотган. Бир тарафдан, уларга арзон ишчи кучи керак. Аммо, иккинчи тарафдан, бола-чақалари билан келаётган юз минглаб қочқинларни жойлаштириш муаммоси бор, бунинг устига, асосан мусулмонлардан иборат қочқинлар потенциал террористларку!

АҚШда меҳнат муҳожирларининг асосий қисми Лотин Америкасидан келаётганлар. Республикачиларнинг шу кунгача энг кучли кўринаётган президентликка номзоди Доналд Трамп нолегал меҳнат муҳожирларини ҳайдаб чиқариш, уларнинг АҚШда туғилган болаларига АҚШ фуқаролиги бермаслик ҳақида таклифларни ўртага отиб, рейтингини орттирмоқда. Аммо, АҚШда легаллашиб олган лотин-америкаликлар кўп, улар Доналд Трампга қарши овоз беришлари муқаррар. Демак, президентликка номзодлар сайловчиларининг бу масала бўйича фикрини ҳисобга олишга мажбурлар.

АҚШ профсоюзлари эса, минимал иш ҳаққини соатига 7,25 доллардан 15 долларга чиқариш талаби билан кураш бошладилар. Агар, минимал иш ҳаққи профсоюзлар талаб қилаётгандек 2 баравар эмас, 1,5 баравар оширилса ҳам, АҚШга келиш ҳаракатида бўлган меҳнат муҳожирларининг сони яна кескин ортади. Ғарб учун уларни тўхтатишнинг бирдан-бир йўли – бечора мусулмонлар ва лотин-америкаликларни ўз юртларида тузукроқ яшашга эриштириш. Майда-чуйда лотин-америкаси давлатларида буни қилса бўлади. Аммо, сони кун сайин ортиб бораётган мусулмонларни фаровонликка қовуштириш осон иш эмас.

Балки, Оллоҳ шу масалада Ғарбга, моҳияти билан мусулмонларга, ёрдам бериш учун Ғарбни ўта тезлик билан ривожлантираётгандир. Содда одамлар эса, буни тушунмасдан, Ғарбнинг сўнги юз йиллардаги ўта тезлик билан ривожланишини насронийларнинг ақллилиги билан изоҳлашга ҳаракат қилмоқдалар.

Ҳа, Оллоҳ улуғ, у мусулмонларни ҳеч қачон унутмайди, улардан юз ўгирмайди, уларни қашшоқликдан чиқариш учун Ғарбга ёрдам беради, Ғарбни ривожлантиради, Ғарбни ўта фаровон қилади ва қилмоқда.