22 August 2015
08:13 - Нью-Йорк фондлар биржасини жин эмас, Хитой урибди, бу – АҚШга жиддий огоҳлантиришдир

Билмаганларга билдириш керакки, фондлар биржаси, қўполроқ қилиб айтсак, қимматли қоғозлар, биринчи навбатда, турли ширкатларнинг акциялари олиб-сотиладиган бозордир. Дунёда 18 та фондлар биржаси бор, уларнинг биринчиси Нью-Йорк фондлар биржаси ҳисобланади.

Нью-Йорк фондлар биржасининг асосий кўрсатгичи Dоw Jones индекси АҚШдаги энг катта 30 ширкат акцияларининг ўртача қийматини ўзида акс эттиради. Бу индексниннг юқорилиги, акциялар нархининг баландлигини, демак, маълум маънода, мамлакат иқтисоднинг юксаклини кўрсатади.

2008 йилнинг август ойида АҚШда бошланган молиявий, сўнгра иқтисодий кризисдан аввал Dоw Jones индекси 13-14 минг ўртасида ўйнаб турарди. Кризис бошлангандан кейин ярим йил ичида бу индекс сал кам 2 баравар пастга тушиб кетди, иқтисод кризисдан чиқар экан, Dоw Jones секин-аста юксалиб, 18 минг атрофида зиг-загли, яъни бироз тушиб-чиқиб турадиган барқарорликка эришди. Демак, акцияларнинг нархи кризисдан аввалгисидан анча баланд бўлди. Балки, бундай ўсиш инфляция сааблидир.

Dоw Jones индекси барқарорлик замонида ҳам тушиб-чиқиб туриши - катта системалар учун табиий бўлса ҳам, Нью-Йорк фондлар биржасининг экспертлари ҳар бир тушишга сабаб кўрсатиб бордилар. Охирги йили Dоw Jones индексидаги тушишларларнинг сабаби сифатида асосан Юнонистонда бўлаётган воқеалар кўрсатилди. Сўнгги ойларда Dоw Jones индекси 18 минг атрофида ўйнаб турган бўлса, сўнги ҳафталарда тушиш бироз кўпайди. Dоw Jones индекси 17 минг 500 бўлди. Аммо, сўнгги 3 кун даҳшатли тушиш, балки чўкиш бўлди. Айниқса, жума куни Dоw Jones 530 поғана тушди, 3 кунлик тушиш бир мингдан кўп бўлди. Энди Dоw Jones 16460 га тенг.

Табиий, экспертлар дарҳол бундай тушишнинг сабабини ҳам кўрсатдилар – Хитой иқтисодидаги салбий ҳодисaлар, жумладан, Хитой юанининг сал кам 2 фоизга девалвация қилиниши.

Агар Хитойнинг иқтисодидаги тушиш АҚШ фондлар бозорини шунчалик урган бўлса, дейди мухбиримиз, АҚШнинг моливий системасида жиддий камчиликлар борга ўхшайди. Аммо, бундай тахминнинг тўғри ёки хатолигини яқин кунларда кўрамиз.

Нима бўлганда ҳам, авваллари кўп марта айтилган фикримизни яна бир марта қайтариш фойдали деб ҳисоблаймиз.

АҚШда ишлаётган ўзбеклар ҳам, бошқа мамлакатларда яшаётган ўзбеклар ҳам, фондлар бозорида кетаётган жараёнлар билан қизиқишлари, қўл билан ушлаб бўлмайдиган, кўзга кўринмайдиган Dow Jones каби индекслар билан яшашни ўрганишлари, пулларини фақат банкларда эмас, фондлар бозорининг акцияларида ҳам сақлашни ўрганишлари лозим.

Ўзбекистондаги ота-оналарга ёрдам бериш шарт, аммо у ерга ортиқча пул юбориш ўзбекларнинг душмани бўлган мавжуд режимга хизмат қилиш ва пулни сувга оқизишдир. Ўзбеклар чет элларда ҳам ош ейиш ва Ўзбекистонга пул юборишдан ташқари, ишлаётган мамлакатларида пул йиғиб, кичкина бўлса ҳам ўз бизнесларини очиш устида ўйласалар, фойдали бўлади.

Айнан шундай одамлардан кейинчалик катта бизнесменлар чиқади. Ана ундан кейин Ўзбекистонда ҳам бизнес очишни ўйлаш мумкин. Акс ҳолда, бутун дунёни мардикорлар билан тўлатиб юраверамиз.

Расмда - Нью-Йорк фондлар биржаси ҳам жойлашган машҳур Wall St (Уолл-стрит).