19 August 2015
21:43 - Абдураҳим Пўлатга вақтида қулоқ солмаган тожик демократларидан бирининг кечиккан эътирофи

Ҳозирда жазо муддатини ўтаётган Тожикистон Демократик Партияси собиқ лидери Муҳаммадрўзи Искандаров Тожикистон Ислом Уйғониш Партиясининг келажаги йўқлиги, унинг ғоялари ва стратегияси ўта мўрт экани ҳақида баёнот берди. Оламшумул бўлмаган, оддий сиёсатчининг ақли етадиган гаплар билан тожик матбуотида ажиотаж ясаган Искандаров “90-йилларда демократларнинг исломчилар ортидан боргани уларнинг хатоси бўлган”ини тан олди.

“Тожикистон Ислом уйғониш партияси хато кетидан хатога йўл қўйиб, ўз имкониятларини йўқотди ва натижада шу бугунги вазиятга дуч келди. ИТП тақдири ўтган асрнинг 90- йилларидаги демократлар тақдирига ўхшайди ва бундан буён улар ҳам чет элдан туриб мурожаатлар қилишу баёнотлар бериш билан чекланади”, деган Муҳаммадрўзи Искандаров.
90-йилларда ичидан чиққан хоинлар эвазига парчаланган ўзбек мухолифатидан фарқли ўлароқ тожик мухолифати ўша пайтда бутунлай исломчилар таъсири остида эди. Хатони тўғирлаш уни тан олишдан бошланади, нақлига амал қилсак, тожик мухолифати деярли тугаган бўлса-да тўғри йўлга кирмоқда. Аммо бу йўлдан юра олиш уларга насиб қиладими-йўқми, бу бошқа масала.

“Гази Тожик” ширкати бошлиғи Муҳаммадрўзи Искандаров Тожикистон Демократик Партиясининг собиқ лидери ўлароқ 2003 йилда Москвага қочган, аммо ўрис ҳукумати уни Тожикистонга тутиб топширган. У 2005 йили 23 йилга озодликдан маҳрум қилган.

“Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат “Ҳаракат” журналидаги хотираларида ёзишича, у Тожикистон Демократик Партиясининг аввалиги раиси, тўғрироғи, қурувчи раиси билан шахсан таниш бўлган, тожик демократлари исломчилар партиясининг таъсири остига тушиб бўлган кунларда ўша раис билан Москвада “Московские новости” газетасининг офисида асли тожик, аммо ўзбекистонлик машҳур журналист Санобар Шерматованинг хонасида учрашган ва қилаётган ишлари хатолигини айтган. Лекин, тожик демократи “исломчилар биздан эмас, биз исломчилардан усталик билан фойдаланмоқдамиз” дейишгача борган экан. У демократ аллақачон Австрияга қочиб қолган ва ҳозир Венада айшу-ишрат қилиб юрибди.