19 August 2015
06:26 - Туркия Бош вазири Аҳмат Довудўғли янги ҳукумат қуриш вазифасини Президентга қайта топширди
7 июнда бўлиб ўтган парламент сайловларидан кейин ҳеч бир партия Туркия Буюк Миллат Мажлисида кўпчилик овозга эга бўлолмагани сабабли, Президент Эрдўғон янги ҳукумат қуришни парламентда нисбий кўпчиликга эга бўлган Адолат ва Тараққиёт Партиясининг раиси, жорийдаги Бош вазир Аҳмат Довудўғлига 9 июлда топширган эди. У ҳеч ким билан коалиция тузиш масаласида келишолмагани ҳақида 17 августда хабар қилар экан, бошқа партияларнинг баъзи талабларини бажариб, янги ҳукумат қуриш учун ҳаракатларини давом эттиради деб тахмин қилгандик. Аммо, ундай бўлмади.

“Миллиёт” газетасининг хабарига кўра, кеча кечга яқин Адолат ва Тараққиёт Партиясининг бошқарув органи мажлис ўтказган, ундан кейин Аҳмат Довудўғли Президент Ражаб Эрдўғон билан учрашиб, янги ҳукумат қуриш вазифасини унга қайтарган.

Энди Президент бу вазифани бошқа партиялардан бирининг лидерига топшириши мумкин, аммо вақт жуда оз қолди. Чунки, аввал ҳам айтганимиз каби, 23 августгача янги ҳукумат қурилмаса, Конституциянинг талаби бўйича Президент Ражаб Эрдўғон янги парламент сайловлари эълон қилишга мажбур бўлади.

Аммо, ҳозир Туркиянинг боши фақат сиёсий сабабдан эмас, ПКК террористларининг ҳаракатларидан ҳам дардда. Ҳар куни ПККчилар бир неча ерда турли терактлар уюштирмоқдалар, Туркия хавфсизлик хизмати ёки полиция идораларига қуролли ҳужум қилмоқдалар. Ҳар куни бир неча аскар ёки полициячи ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда. Табиий, террористлар ичида ҳам ўлаётган кўп, аммо улар ҳали чекинадиганга ўхшамайдилар.

Шундай оғир пайтда сиёсий партиялар янги ҳукумат қуриш ҳақида келишолмаётганлари – Туркиядаги ғариб аҳволнинг яна бир кўрсатгичидир.