16 August 2015
07:37 - Озорбайжонда эр-хотин ҳуқуқ ҳимоячилари Лейла ва Ариф Юнус 8,5 ва 7 йилга озодликдан маҳрум этилдилар
Бу хабарни тўла тушуниш учун 10 августда эълон қилинган “Озорбайжонда ҳам Сталинча диктатура тикланмоқда, ҳуқуқ ҳимоячилари ва мустақил журналистларга қарши уруш эълон қилинган, мухолифат эса тарқоқ, яна Абдураҳим Пўлат ҳақли чиқмоқда” номли хабар-лавҳамизни ўқиш лозим. У хабар-лавҳага эса, бугунги хабарнинг охирида берилган линк билан боғланишингиз мумкин.

Бу ҳуқуқ ҳимоячилари устидан бир неча ой суд олиб борилди. Аммо, улар жиноий иш очилиб, суд бошланмасиданоқ бир йилча аввал ҳибсга олинган эдилар. 13 август куни суд ўз ҳукмини ўқиди ва Лейла Юнусни 8,5 йилга, унинг турмуш ўртоғи Ариф Юнусни 7 йилга озодликдан маҳрум этди. Уларнинг банк ҳисобларидаги пуллари ҳибсга олинди, Озорбайжон, Туркия ва Чехиядаги мол-мулклари мусодара қилинди.

Турли халқаро ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотлардан ташқари, АҚШ Давлат Департаменти, Европа Иттифоқи ва Европа Кенгаши, бир қатор Европа мамлакатларининг ташқи ишлар вазирлари, таниқли сиёсатчилар Озарбайжон судининг қарорини қоралаб, Лейла ва Ариф Юнусни дарҳол озод қилишни талаб қилдилар.

“Ҳаракат” Агентлигининг 10 августдаги хабар-лавҳаси сўнгида берилган хулосани яна бир марта қайтариш лозим:

* * *

Ғарбдан кўп нарса кутиш керакмас, муҳим бўлгани, Ғарбга таяниб бўлса ҳам, мамлакат ичида кучли мухолифат яратишдир. Аммо, Озорбойжаннинг бир-биридан фарқини ўзлари ҳам тушунмайдиган демократик мухолифат ташкилотлари қоғозда бирлашган бўлса ҳам, амалда тарқоқ. Худди Ўзбекистонда каби, ҳар бир мухолифатчи фақат ва фақат лидер бўлиб олишни ўйлайди, миллат ва ватан тақдири билан ортиқча қизиқмайди, бунақа масалаларни ва катта сиёсатни тушунмайди ҳам. Илҳом Алиев ва Ислом Каримларга айнан шундай мухолифат керак.

Демак, “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлатнинг ички уруш очиб бўлса ҳам, миллат ва ватан тақдири билан иши бўлмаган сохта ҳаромий мухолифатчиларни сиёсий саҳнадан йўқ қилиш, миллат ва ватан муаммолари билан шуғулланадиган ягона кучли демократик партия яратиш кераклиги ҳақидаги фикрлари тўппа-тўғри эканлиги Озорбайжон мисолида ҳам кўриниб турибди.

* * *

Яна қўшимча қилиб айтиш керакки, Лейла ва Ариф Юнусларнинг қамалишида айбдор фақат Илҳом Алиев режими эмас, тарқоқ бўлган мухолифатдир.