14 August 2015
14:34 - Суриядаги ИШИДдан бошқа мухолиф гуруҳлар коалицияси раҳбари Москвада нима қилмоқда?
Маълумки, Ғарбнинг ёрдами билан Сурияда шиалар ичидаги алавийлар оқимига мансуб режимга қарши курашаётган кучларнинг лидерлари ўтган йилнинг бошларида Туркияда тўпланиб, Суриядаги “Мухолифатчи ва Иқилобий Кучларнинг Миллий Коалицияси”ни (МИКМК) тузган эдилар. Россия ўша алавийлар режимининг Президенти Башар Асадни Араб дунёсида қолган ягона дўсти сифатида жон-жаҳди билан ҳимоя қилишга ҳаракат қилар экан, табиий, МИКМКга қарши бўлиши керак эди ва аввалига қарши бўлди ҳам.

Аммо, ҳозир ИШИД ўртага чиқиб, МИКМК Ғарбнинг эътиборидан четда қолишга бошлади. Бу шароитда ИШИД ғолиб чиқаса, Россия нафақат ўзига дўст бўлган Башар Асад режимини йўқотади, айни замонда, ўзига янги катта душман чиқаради. Чунки, ИШИД кучайиб борган сари Россиядаги мусулмонларни Кремлга қарши оёққа турғазиш билан ҳам шуғулланиши табиийдир.

Ҳамма нарса қоришиб кетган замонда Россия МИКМК билан ҳам алоқада бўлишга ҳаракат қилаётганини “катта сиёсат” нуқтаи назаридан тушунса бўлади. Кечадан бери Москвада бўлиб, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашувлар ўтказаётган МИКМК президенти Ҳалед ал-Хўжанинг “Россия раҳбарияти энди Башар Асадга ёпишиб олмаган, унга ёрдам беришга ҳам интилаётгани йўқ” маъносидаги сўзларини “Россия бизни ҳам қўллаб-қувватлайди” деб тушуниш мумкин.

Сергей Лавров эса, МИКМК лидери билан учрашувни шундай баҳолайди: “Биз - минтақа давлатлари, ташқи ўйинчилар, АҚШ ва европалик ҳамкорларимиз билан бирга ишлаймиз. Агар ҳаммамизни бирлаштирувчи мақсадалар атрофида мужассамлашсак, Женевадаги келишувлар асосида террозимга қарши курашоламиз.” Россия вазирининг бу сўзлари Associated Press агентлигининг хабарида бор.

Кўриниб турибдики, Россия ҳам ИШИД хавфида қўрқиб, унга қарши Украина масаласида ўз душманларига айланган АҚШ ва Европа билан ҳамкорлик қилмоқчи.

Аммо, тушуниш керакки, АҚШ, Европа ва Россияга Хитой қўшилса ҳам ислом тероризмини йўқ қилиб бўлмайди. Бугун ИШИДни ютиш мумкин, аммо эртага бошқаси ўртага чиқади. Чунки, “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлатнинг шу йил бошида АҚШ Президенти Барак Обамага йўллаган хатида айтилганидек, ислом терроризмининг илдизлари Қуръоннинг хато тафсирида, яъни давлат исломий бўлиши кераклиги ҳақидаги хато тушунчалардадир. Шундай экан, жаҳоннинг прогрессив мусулмонлари мусулмонлари исломни ислоҳот қилиш ва ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилишига эришиш учун курашишлари керак.

Вақти келиб қолгани учун, ўзбеклар билиши керак бўлган яна бир воқеани эслатиб ўтиш лозим. Юқорида айтилганидек, МИКМК Туркияда тузилган, аммо кейинги мажлисларидан бирини шу йилнинг май ойида Қозоғистоннинг пойтахти Остонада ўтказди. Шу каби воқелар туфайли Остонани дунё танимоқда, Тошкентни ҳамма унутиб бўлди.