14 August 2015
01:24 - АҚШда ўзбек терорчиси Фазлиддин Қурбоновга қўйилган айблов тасдиқланди
12 август куни АҚШнинг Айдаҳо штати суди террорчиликда айбланган ўзбекистонлик қочқин Фазлиддин Қурбоновнининг иши юзасидан ишни кўриб чиқди. Хулосага кўра, унга қўйилган беш айбловнинг учтаси тасдиқланди, ҳамюртимиз айбдор деб топилди. Қарийб бир ой давом этган судда Фазлиддинга нисбатан қўйилган "Ўзбекистон исломий ҳаракати" террорчи гуруҳига моддий ёрдам беришга уриниш ва тил бириктириш ҳамда ноқонуний портловчи моддага эгалик қилиш эпизодлари исботини топди.

Давлат айбловчиси ҳамюртимизни терроризмга молиявий ва техник ёрдам беришга уриниш ва АҚШ ҳудудида террорчиликни амалга ошириш мақсадида портловчи моддаларга эгалик қилишда айблаган, аммо ҳакамлар суди етарлича далил йўқлиги боис террорчи ташкилотга моддий ёрдам беришга оид яна икки айбловни бекор қилди.
Ҳамюртимизга қамоқ жазоси шу йилнинг 10 ноябрига белгиланган судда эълон қилинади. У 40 йиллик умрини америка қамоғида ўтказиши мумкин.

Афсуски, Фазлиддин Қурбонов юзимизни ерга қаратган илк террорчи-ҳамюртимиз эмас. 2012 йилнинг июлида ўзбекистонлик Улуғбек Қодиров АҚШ президентини ўлдиришга уринганликда айбланиб, 15 йилга қамалганди. Фазлиддиннинг пири жиззахлик Жамшид Мухторов ҳам шу масалада ҳибсга сақланмоқда.