06 August 2015
07:40 - Россияда ўрта ёшлилар ичида ўлим ортмоқда
Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазири Вероника Скворцовага асосланиб тарқитилаётган хабарларга кўра, Россияда ёшлар ичида ўлиш кўпаймоқда. Масалан, шу йилнинг биринчи ярмида 30-45 ёшли россияликлардан 988 минг киши ўлган. Ўтган йили шу даврда ўлганлар сони 961 мингга тенг эди, яъни бу ёшдагилар ичида ўлим 5,2%га ортган. Бундан ташқари, охирги йилларда биринчи марта ўз жонига қасд қилиш, алкоголдан заҳарланиш, ўз вақтида пневмония касаллигига диагноз қўйилмаслик ҳоллари кўпайган.

Шулар туфайли, Россиянинг Марказий, Шимолий-ғарбий ва Волгабўйи федерал округларининг сал кам ҳамма минтақаларида аҳоли сонининг табиий камайиши кузатилди.

Русларнинг хабарида айтилмаса ҳам тахмин қилиш мумкинки, бу салбий ҳолларнинг асл сабаби – Қрим ва Донбассдаги воқеалардан кейин Ғарб тарафидан киритилган санкциялар туфайли Россияда иқтисодий аҳволнинг кескин ёмонлашишидир. Владимир Путин эса, Ғарбдан қўрқмаслигини намойиш қилиш мақсадида, мамлакатнинг озайиб бораётган заҳираларини армияни кучайтиришга сарфлаш билан овора.

Маълумки, яқинда Ғарб аввалги санкциялар муддатини узайтириш билан бирга, санкция остида қолган жисмоний ва юридик шахсларнинг рўйхатини кенгайтирди. Демак, Россиянинг иқтисодидаги тушиш ва аҳоли сонининг камайиши давом этаверади.