05 August 2015
20:54 - Самарқанддаги тунги клублардан 400 киши ҳибсга олингани қизиқ, аммо бундан ҳам муҳимроқ воқеалар эътиборга муҳтож
Самарқандлик журналист Тошпўлат Раҳматуллаевнинг ўз блогида хабар қилишича, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тарафидан “Альтерэго”, “Патая”, “Джованни”, “Шаҳристон” ва “Ниагара” тунги клубларида ўтказилган рейдлар давомида 400 дан ортиқ шахс ҳибсга олинди. Меҳнат ва солиқ қонунчилигининг бузилиши юзасидан ўтказилган рейдларда инкассация қилинмаган 2 миллион сўмдан ортиқ тушум, 30 миллионлик контрафакт спиртли ичимликлари, тамаки маҳсулотлари ва чекишга мўлжалланган қоришмалар олинган. Шунингдек, клубларда шу йилнинг ўтган даврида 250 миллион сўмлик даромадлардан солиқ тўланмаганлиги маълум бўлибди.

Блог муаллифига кўра, клубларда ноқонуний ишлаётган 9 ходим, 30 дан ортиқ “енгил табиатли” қизлар, 20 нафар раққоса қўлга олинган. Ҳатто “Альтерэго” клубида марихуана излари бор иккита пластмасса идиш ҳам топилибди. Қизиғи, қўлга олинган мижозлар ичида давлат муассасалари ва ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари, бадавлат тижоратчиларнинг ўғиллари кўпчилик экан.

Бу хабар сўзсиз қизиқ. Унинг муаллифи Тошпўлат Раҳматуллаев миллат ва ватаннинг фундаментал муаммолари ҳақида ёзиш ўрнига, майда-чуйда муаммоларни ёритиш билан шуғулланаётганини аввалги хабарларимзда айтган эдик. Ҳозир ҳам шу фикрни қайтарамиз. Самарқанддагига ўхшаша воқеалар ҳамма ерда бор, ҳатто АҚШдек давлатда ҳам. Табиий, улар ҳақида қисқа хабар берилади, аммо улар оммавий воқеа бўлмагани сабабли, уларга ортиқча қизиқиш ҳам бўлмайди. Ўзбекистонда эса, миллат ва давлат ўлмоқда, деб баҳоласа бўладиган ишлар бўлмоқда. Булар билан шуғулланиш, “Ҳаракат”дан дарс олиш лозим.