05 August 2015
01:37 - Устюртда янги кимё мажмуаси ишга туширилади, аммо хусусий сектор иштирок этмаётган лойиҳаларнинг келажаги йўқ
Устюрт газ-кимё мажмуаси қурилиши 2015 йилнинг сентябрида якунига етказилиши режалаштирилган, деб айтди Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Ли Ук Хон. Маҳаллий матбуотда пайдо бўлган элчининг сўзларига кўра, Жанубий Кореянинг илғор технологияси, капитали, бой тажрибаси ва ноу-хаусини ўзида бирлаштирган Сўрғил кони негизидаги 4 миллиард долларлик Устюрт газ-кимё мажмуаси минтақадаги энг йирик корхонадир.

Элчининг айтишича, қўшма лойиҳалар қаторига “Uzbekistan GTL” суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқариш заводи қурилиши, Қандим газни қайта ишлаш заводи, Толимаржон иссиқлик электр станцияси ва энергетик захираларни қайта ишлаш билан боғлиқ бошқа лойиҳаларни киритиш мумкин.

Устюрт газ-кимё мажмуасининг лойиҳавий қуввати йилига 4,5 млрд куб метр табиий газни қайта ишлашни, 4 млрд куб метр товар кўринишидаги газ, 387 минг тонна полиэтилен, 83 минг тонна полипропилен ва 102 минг тонна пиролиз бензин ишлаб чиқаришни кўзда тутади.

Бундай лойиҳаларнинг амалга оширилиши қувончли воқеа. Аммо, қаранг, бу - Ўзбекистон тарафидан яна давлат иштирок этаётган лойиҳа. Ҳеч шубҳа йўқки, порахўрликка ўрганган давлатнинг одамлари Корея ширкатларидан пора олиб, асосий фойда Кореяга кетишига йўл очиб берадилар. Ўзимизда эса, бунақа лойиҳаларда иштирок этишга кучи бўлган хусусий ширкатлар, бойлар, тўғрироғи, инвесторлар йўқ. Ислом Карим раҳбарлигидаги тожиклар режими бундайлар бўлишига атайлаб йўл бермаяпти. Режимнинг мақсади – Ўзбекистон иқтисодининг ривожланишига йўл бермаслик.