31 July 2015
20:12 - Бу йилнинг биринчи уч ойлигида Ўзбекистонга 400 мингдан ортиқ чет эллик келибди, кўпми ёки оз?
“Ўзбектуризм”га асосланиб тарқатилаётган хабарларда айтилишича, бу йилнинг биринчи уч ойлигида мамлакатимизга 422,9 минг чет эллик келибди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бу рақам 5,6% кўп экан.

Энг қизиғи, келганларнинг 330 минги ўз қариндош-уруғларини кўрагани келаётганлар экан, бу ўтган йилга нисбатан 7,4% фоиз кўп.

Ўзбекистон режими туризмни ривожлантириш ва чет элдан келаётган туристлар сонини ошириш учун кўп ишлар қилаётгани ҳақида баланд парвоз гаплар тарқатиши ҳаммага маълум. Аммо, натижа бутунлай бошқача эканлиги маълум бўлди. Мамалакатимизга бу йилнинг биринчи уч ойлигида бор-йўғи 22,8 минг турист келибди. Ўтган йили бу рақам 20 минг 949 бўлган экан. Ҳар куни келадиган туристлар сонини ҳисобласангиз, кулгили рақам чиқади, яъни бир кунда мамлакатимизга 250 атрофида турист келади!!

Буни тушиниш мумкин. Режимбоши Ислом Карим Оқсарой ва Кўксарой исмли инларидан чиқмайди, Ўзбекистонни дунёга танитадиган на санъатчиларимиз, на спортчиларимиз, на сиёсатчиларимиз бор. Халқаро ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотлар Ўзбекистоннинг ҳақиқий башарасини кўрсатмоқдилар, аммо, башара қопқора рангдангина иборат. Ақли расо туристлар Ўзбекистоннга яқин келмасликка ҳаракат қилишлари ғоят табиийдир.