25 July 2015
07:36 - Туркия АҚШга ўз авиабазаларидан ИШИДга қарши фойдаланишга рухсат берди, ўзи эса Сурияда ИШИДни, Ироқда курд террористларини бомбалади
Кечаги хабаримизда Туркия ҳарбий ҳаво учоқлари Суриядаги ИШИД объектларини биричи марта бомбалаганини билдирган эдик. Энди маълум бўлишича, ундан кейин Туркиянинг ҳарбий учоқлари Ироқнинг Қандил шаҳридаги курдларга оид Ғарб тарафидан ҳам террористик деб тан олинган қуролли гуруҳлари ва уларни ҳарбий базаларини бомбалашибди. Бу ҳақда Туркия ахборот воситалари ҳукумат ва қуролли кучларнинг расмийларига асосланиб хабар бермоқдалар.

Айни замонда, Туркия АҚШга ўз авиабазаларидан ИШИДга қарши урушда фойдаланишга рухсат берибди. Бундай рухсат берилганини Туркия Президенти Ражаб Эрдўғон АҚШ Президенти Барак Обамага телефон орқали шахсан ўзи билдирибди. Бу ерда тушунтириш бериш керак. Маълумки, Туркиянинг жанубида, Ўрта Ер денгизига яқин бўлган Инжирлик шаҳрида эскидан АҚШнинг ҳарбий базаси бор эди. Гап шу базадаги ҳарбий аэропортдан ИШИДга қарши фойдаланишга рухсат берилгани ҳақида кетаётганга ўхшайди.

Бу воқеаларни нафақат Яқин Шарқда, балки, бутун дунёда стратегик ўзгаришлар бўлишининг сигналлари деса бўлади. Сўнгги йилларда Туркияда ҳокимиятда бўлган исломчилар партияси Отатурк замонидан бери давом этиб келаётган Ғарб билан иттифоқдошликни бузиш ҳаракатида эди. Энди воқеалар тескари йўналишда кетишга бошлаганга ўхшайди. Шундай бўлиши бутун Турк Дунёси учун ҳам яхши бўларди.