25 July 2015
05:33 - Тожикистонда 12 миршабхонанини портлатмоқчи бўлган 2 террорист қўлга олинибди, аммо бу билан террор хавфидан қутилиб бўлмайди
Тожикларнинг Asia-Plus Интернет нашри жиддий оҳангда хабар беришича, мамлакатнинг хавфсизлик кучлари Рамазон ойида Тожикистоннинг Душанбе, Кулоб, Рашт ва Файзобод шаҳарларида 12 та миршабхонада теракт уюштирмоқчи бўлган 2 киши – 1990 йили туғилган, асли Кулоблик, аммо ҳозир Душанбеда яшайдиган Бобожон Ражабов ва унинг ёрдамчиси, Рудакий туманида яшайдиган Садриддин Жабборовни мўлжалланган портлашлардан аввал қўлга олишибди.

Бобожон Ражабов Интернетдаги “Одноклассники” тармоғида ҳозир Сурияда ИШИД таркибида жанг қилаётган, асли тожикистонлик Абу Саид билан танишиб, ўзи ҳам Сурияга бориб, ИШИДга қўшилиш истагини билдирган экан, у шундай дебди: “Жиҳодни Тожикистонда ҳам қилса бўлаверади”. Шундай кейин, Бобожон Ражабов ўзига ёрдам берадиган Садриддин Жабборовни топибди ва улар биргалашиб 100 та кислород баллони сотиб олишшибди ва ишга киришишибди. Аммо, хавфсизлик кучлари уларни фош қилиб, қўлга олишибди.

Бундай нарса бўлиши мумкин. Бобожон Ражабов Абу Саиднинг гапи билан биронта теракт ўтказишга киришиши ва ҳатто биронта теракт қилолиши ҳам мумкин. Аммо, 12 жойда, бунинг устига, Тожикистондек диктаторлик режими ҳукм сураётган мамлакатнинг қўриқланадиган миршабхоналарда бираварига 12 та портлаш уюштириш мумкинлигига ҳеч кимни ишонтириб бўлмайди.

Балки, бу масхарабозлик хабарини тарқатган режимнинг мақсади - бошқа потенциал террористларни қўрқитиб қўйиш бўлгандир. Бўлиши мумкин. Аммо секин-аста ислом терроризми Марказий Осиёга кириб келишини тўхтатиб бўлмайди. Тўхтатишнинг битта йўли – ислом динида инқилобий ислоҳотлар қилиб, ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини тан олишига эришишдир. Акс ҳолда, ҳар қандай давлат исломий бўлиши кераклиги, мусулмонлар шариат асосида яшаши кераклиги, биронта айб қилган одамнинг қўли ёки калласи кесилиши, ёки тошбўрон қилиниши кераклиги ҳақидаги исломий талаблар остида тарбияланган мусулмонлар ИШИД каби террор ташкилотларига қўшилишлари ва бу жараёнлар кун сайин оммалашиб бориши ғоят табиийдир.

Бу оддий нарсаларни иккита тожик - Ислом Карим ва Имомали Раҳмонга - ҳамда уларга бўйсунадиган ислом уламоларига тезроқ тушунтириш керак.