23 July 2015
01:19 - Қуръоннинг энг эски нусхаларидан бирининг парчалари Англиядаги университет кутyбхонасидан топилди

Англиянинг Бирмингем Университети ходимлари 1920-чи йиллардан бери ўзларида сақланаётган Қуръоннинг саҳифаларини топишганини эълон қилишди, дейилади ББС радиоси сайтининг русча саҳифасида ҳам тарқатилган хабарда. Бу саҳифалар Қуръоннинг ҳозирча маълум бўлган энг қадимийларидан бирига оид экан.

Радиуглерод текширувлари бу саҳифаларнинг ёши 1370 йил эканлигини кўрсатганда, тадқиқoдчиларнинг ўзи ҳам ҳайрон қолишибди. Бу саҳифаларни университетга Ироқли тарихчи Альфонс Мингана 100 йилча аввал бергани ҳам маълум бўлибди.

Узоқ йиллардан бери архив токчаларида ётган бу ҳужжатлар билан бир аспирант қизиқиб қолган экан, унинг таклифи билан текширувлар ўтказилибди. Бу саҳифалар 568 билан 645 йил ўртасида ёзилганлиги тахмин қилинмоқда. Яъни, улар Муҳаммад пайғамбар тирклиги пайтида ёзилган. Маълумки, ислом эътиқодига кўра, Муҳаммад пайғамбарга Оллоҳнинг ваҳийлари 610-632 йиллар орасида келган. Демак, Бирмингем Университетидаги саҳифалар пайғамбар тириклигида ёзилган. Балки, уни ёзган одам пайғамбар билан учрашгандир, унинг ваъзларини тинглагандир.

Қуръоннинг ўша даврларга оид бир қатор нусҳалари бор бўлса ҳам, бу янги топилган саҳифалар ҳам, табиий, ҳар бир мусулмонни қувонтириши керак, дейди, мухбиримиз.