22 July 2015
15:35 - Қизиқ: Ислом Карим ташқи қарзимиз йўқ деганди, Россия ҳукумати эса Ўзбекистоннинг $865 млн қарзини кечирмоқчи
Русларнинг “Новости” Агентлиги хабар қилишича, бугун Россия Федерацияси ҳукумати Ўзбекистоннинг 865 млн долларлик қарзидан воз кечиш бўйича қонун лойиҳасини Давлат Думасига жўнатадиган бўлди. Бу масала Давлат Думасида кўрилаётган пайтда Молия вазирининг ўринбосари Сергей Сторчак ҳукуматнинг расмий вакили вазифасини бажаради.

Хабарда айтилишича, ўтган йилнинг декабрь ойида Россия ва Ўзбекистон тарафидан имзоланган ўзаро молиявий талаб ва мажбуриятларни ҳал этиш келишувида Россия Ўзбекистоннинг $865 млн қарзидан воз кечиши қайд қилинган экан.

Бу хабарни қизиқ дейишимизнинг икки сабаби бор. Биринчиси – Россиянинг бу қарори ўзбекларни севинтирадиган қарор эканлиги.

Иккинчиси – Ислом Карим ўтган йилнинг бошида ўтказилган Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси мажлисида давлатимизнинг ташқи қарзи йўқлиги билан мақтангани маълум эканлиги, демак, Ўзбекистон Президенти ҳар доимгидек ёлғон гапиргани. Ўшанда “Ҳаракат” Агентлиги Президентнинг сўзларини қуйидаги мазмунда таҳлил қилган эди: “Давлатнинг қарзи борлиги ёмон нарса эмас. Масалан, АҚШнинг йиллик ЯИМ ҳажмида қарзи бор. Бой давлатлар кейинчалик катта фойда берадиган янги лойиҳалар учун қўрқмасдан қарз олаверадилар. Аммо, Ўзбекистон каби қашшоқ мамлакатга ким ҳам қарз берарди?”

Тушуниш керакки, Россия ҳеч қачон қарздан бекорга воз кечмайди. Демак, Путиннинг вассали бўлган Ислом Каримнинг вассаллик даражаси ортади.