15 July 2015
17:22 - Бугун Туркияда янги ҳукумат қуриш жараёнининг учинчи куни

Туркия Президенти Ражаб Эрдўғон парламент сайловларидан кейин қурилиши керак бўлган янги ҳукумат таркибини тайёрлашни ҳозирги Бош вазир, Адолат ва Тараққиёт Партиясининг раиси Аҳмад Довудўғлига (расмда) 9 июлда топширганда, у парламентга киролган қолган 3 партия раҳбарлари билан душанба-чоршанба кунлари кўришиш ниятида эканлигини айтганди.

Айнан шундай бўлди. Душанба куни Аҳмад Довудўғли 5 кишилик командаси билан Туркия Буюк Миллат Мажлисида сони бўйича АТПдан кейин 2-чи ўринда турган Жумҳурият Халқ Партияси лидери Кемал Қиличдорўғли ва унинг 5 кишилик командаси билан учрашди. Сешанба ва чоршанба кунлари эса, айнан шу форматда, Миллиётчи Ҳаракат Партиясининг лидери Давлат Боғчали ва Халқларнинг Демократик Партияси раисдоши Салоҳиттин Демиртош билан учрашувлар бўлди.

Бу учрашувлар ўзаро фикр алмашиш дражасидаги биринчи мулоқотлар эканлигини айтган Аҳмад Довудўғли янги ҳукумат таркибини белгилаш, коалициялар қуриш-қурмаслик масалалари энди жиддий шаклда муҳокама қилинишга бошлашини билдирди.

Аввалги хабарларимизда айтилганидек, Туркия Конституциясига мквофиқ, 45 кун ичида ҳукумат тузилиб, парламентда тасдиқланмаса, янги парламент сайловлари тайинланади

Туркиянинг ичида ҳам, атрофида ҳам (Ироқ ва Сурияни назарда тутмоқдамиз) барқарорлик йўқ. Шундай шароитда Туркияни барқарорликка олиб борадиган ҳукумат тузилиши Туркия учун ҳам, ўша минтақа учун ҳам, қолаверса, Турк Дунёси учун ҳам муҳимдир. Бунинг учун, биринчи навбатда, Адолат ва Тараққиёт Партияси Туркияда давлатни исломлаштириш ниятидан қайтиши керак.