13 July 2015
00:24 - Ҳамма нарса ғарблашмоқда: Ўзбекистонда хусусий пансионатларга йўл берилди
Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлигининг нодавлат, яъни хусусий пансионатлар ҳақидаги Низоми 9 июлда Вазирлар Маҳкамаси тарафидан тасдиқланибди.

Пансионат - қариялар яшайдиган, уларга ҳаёт учун керакли ҳамма хизмат кўрсатадиган уй, ётоқхона ёки меҳмонхона каби жойдир. Ўзбекистонда хусусий пансионатларга рухсат берилгани умуман олганда тўғри, аммо ҳозир ҳукумат у ёки бу сабаблар билан ўз фарзандлари қучоғида қолиш имкониятига эга бўлмаган ва сони кун сайин ортиб бораётган қарияларга ўзи пансионатлар етказиб беришга қодир бўлмагани сабабли, бундай қадам қилишга мажбур бўлганини тушуниш керак.

Табиий, шахсий пансионатлар Соғлиқни сақлаш вазирлигидан тегишли лицензия олибгина фаолият олиб бора оладилар. Аммо, сўз эркинлиги, ошкоралик, ишлайдиган қонунчлик бўлмаган, порахўрлик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланган Ўзбекистонда пансионатлар қариялар учун азоб уйига айланиб кетиш хавфи ҳам катта.

Ривожланган мамлакатларда қариялар асосан пансионатларда яшайдиган табақага айланиб боришмоқда. Фарзандлари йўқ бўлгани учун эмас, замонамиз ўта мураккаб мунасабатлар майдонига айланиб бораётгани учун. Фарзандлар мураккаб ҳаётда ҳаёт учун жанг олиб бориб, ота-оналарга етарлича вақт ажратолмай қолаётганлари учун. Бу нарса тарихий “ота-она-фарзанд” тушунчаларини ўзгартирмоқда дейиш ҳам мумкин. Ўзбеклар ҳам, минг афсуски, шу йўлдан кетишга маҳкумлар.