11 July 2015
07:50 - ИШИД Миср пирамидаларини йўқ қилиш ниятида
Мисрда ИШИД тарафдори бўлган ташкилотлар Мисрнинг тарихий мероси бўлмиш пирамидаларни “Оллоҳга қарши маънодаги нарсалар” сифатида йўқ қилиш кераклигини, пирамидалар нишонга олиниб бўлганини айтмоқдалар, дейилади Туркияда чиқадиган энг катта “Миллиёт” газетасининг хабарида.

ИШИД лидери Боғдодийнинг “мусулмончиликдан аввалги тарихий обидаларни бузиб ташлаш - диний вазифамиздир” деган сўзлари хабарда жой олган.

Миср салафийларнинг Имоми пирамидалар ва машҳур Сфинкс ҳайкалини йўқ қилиш кераклиги ҳақида 2012 йилдаёқ фатво берган экан.

Эслатиб ўтиш керакки, ИШИД Сурия ва Ироқда мусулмончиликдан аввалги бир қатор тарихий обидаларни партлатиб йўқ қилганди. Энди навбат пирамидаларга келаётганга ўхшайди. Миср қуролли кучлари кутилмаган пайтда уюштирилиши мумкин бўлган пирамидаларга ҳужумларнинг олдини олиш мақсадида ҳарбий учоқ ва қўшинларни тайёр ҳолга келтирмоқда экан.