11 July 2015
02:48 - БРИКС-ШҲТ саммити тугади, гап кўп, иш бўладими?

БРИКС ва ШҲТ саммиталари алоҳида-алоҳида ўтказилган бўлса ҳам, ахборот воситалари саммитлардан ҳам кўпроқ, бу икки ташкилотга кирувчи давлатлар раҳбарларининг йиғилиши ва икки томонлама учрашувларга эътибор бердилар. Буни тушуниш мумкин, чунки Уфада бу икки саммит баҳонасида Ғарбнинг қаршисилда турган давлатлар раҳбарларининг учрашуви – Ғарбга қарши намойишкорона спектакль эди. Спектаклнинг асосий мақсади – Ғарбнинг санкциялари остида ўта қийин аҳволда қолган Россия маънавий ёрдам бериш, Ғарб олдида тиш кўрсатиш бўлганига ҳеч қандай шубҳа йўқ.

Бу спектаклда гап кўп бўлганини тан олиш керак. Масалан, ШҲТ саммитида Ҳиндистон ва Покистонни ШҲТга аъзо қилиш процедураси/тартиби бошлангани ҳақида қарор қабул қилинди. Айни замонда, Озорбайжон, Арманистон, Комбоджа ва Непалга ҳамкор, Белорусияга кузатувчи мақоми берилди. Ташкилий ҳужжатлар ҳам имзоланди. Булар:

- Уфа декларацияси,

- Ташкилотининг 2025 йилгача ривожланиш стратегияси,

- 2016-2018 йилларда терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашда ҳамкорлик қилиш дастури.

ШҲТ раҳбарлари бу ташкилотда кузатувчи мақомига эга бўлган Афғонистонда барқарорлик ва хавфсизликни сақлаш, терроризмга қарши курашиш масалалари бўйича ҳам келишганлар. Аммо, бу ҳақда биронта ҳужжат имзолангани айтилмайди.

Хуллас, Уфада гап кўп бўлган, аммо, амалий ишлар бўладими? Ишониш қийин. Мустақиликка эришгандан бери уруш остонасида яшаётган Ҳиндистон ва Покистоннинг бу ташкилотга аъзо бўлиши, мустақиликка эришгандан бери уруш ичида бўлган Озорбайжон ва Арманистонга кузатувчи мақоми берилишининг ўзиёқ кўрсатмоқдаки, ҳеч ким жиддий иш қилишни ўйлаётгани ҳам йўқ.

Бу фикрлар БРИКС саммитига ҳам тегишли эканлигини гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Чунки, БРИКС ШҲТдан ҳам аморф/мўрт ташкилотдир.

Ҳа, дарвоқе, ШҲТнинг 2016 йилдаги саммити Тошкентда бўлади, бу ташкилотда раислик Ўзбекистонга ўтади.

Расмда – ШҲТга аъзо бўлган Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Хитой ва Ўзбекистон раҳбарлари.