04 July 2015
06:46 - Туркияда Нурсултон Назарбой ҳақида 20 дан ортиқ китоб чиқибди, аммо биринчи бўлиб Абдураҳим Пўлат ҳақида китоб чиққан

Қозоқларнинг Казинформ давлат ахборот агентлиги ёзишича, сўнгги йилларда Туркияда Қозоғистон Президенти Нурсултон Нзарбой ҳақида 20 дан ортиқ китоб чиққан. Уларнинг ичида энг машҳурлари – “Евросиё юрагида”, “Тарих оқимида”, Қозоғистоннинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев – дунё миқёсидаги лидердир”, “Лидер”, “Нурсултон Назарбоев – мустақиллик ва демократия йўлида” ва бошқалардир.

Ҳеч шубҳа йўқки, дейди мухбиримиз, бу китобларнинг кўпчилиги Қозоғистоннинг Анқарадаги элчихонаси тарафидан тайёрланган. Бундан қатъий назар, тан олиш керак, Туркияда Нурсултон Назарбойнинг шахсига қизиқиш бор ва бу табиийдир. Чунки, у - дунёда кўзга кўринган сиёсий лидерга айланиб бўлди.

Аммо, Туркияда Марказий Осиё, яъни, Ғарбий Туркистондаги сиёсий лидерлар ҳақида чиқарилган биринчи китоб – Абдураҳим Пўлат ҳақидагиси бўлса керак.

1995 йили чоп этилган “Abdurahım Polat Azatlık’ta” – Абдураҳим Пўлат Озодликда” номли китобда турк ва ўзбек тилларида “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг биринчи марта ёзилган тарихи ва унинг лидери Абдураҳим Пўлатнинг “Озодлик” радиосининг ўзбек ва рус тилларидаги программаларида эълон қилинган интервьюлари ва мақолалари бор. 175 саҳифалик бу китоб, жумладан, у ердаги Абдураҳим Пўлатнинг қисқа биографияси ва “Бирлик”нинг фаолиятини кўрсатувчи бир қатор фоторасмлар - Ўзбекистоннинг ахир бир кун ёзиладиган ҳақиқий тарихини ёзишда муҳим манба бўлади. Китобни нашрга Истанбул Университетининг доценти Halıl Açıkgöz тайёрлаган.

Эслатиб ўтиш керакки, 2000 йилда Туркияда фақат турк тилида чоп этилган “Türk dünyasında Özbekıtan Birlik Halk Harekati ve Azerbaycan Halk Cephesi” (Турк дунёсида Ўзбекистон Бирлик Халқ Ҳаракати ва Озорбайжон Халқ Жабҳаси) номли, 272 саҳифали китоб ҳам вақти келиб Ўзбекистон тарихини ёзадиганлар учун муҳим манбадиp. Китобнинг 162 саҳифаси "Бирлик"га бағишланган. Муаллифи - Hüseyin Adıgüzel.