03 July 2015
01:28 - “Ўзбекнаво” 3 нафар хонанданинг лицензиясини бекор қилди, 11 нафарига ҳайфсан берди, "Ўзбекнаво"нинг ўзини бекитиш керакмасми?

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги қошидаги “Ўзбекнаво” бирлашмаси белгиланган “талаб ва қоидаларни бузган” уч нафар қўшиқчини лицензиядан маҳрум қилди. Шунингдек, яна 11 нафар қўшиқчини кескин огоҳлантирди. "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси сайтига кўра, Сабиров Анвар Каримович, Рахматова Эсмеральда Нажмиддиновна (Тамила) ва Умарова Камила Рахматуллоевна (Ягона)лар томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 11 ноябрдаги 498-сонли Қарори ҳамда лицензия битимида назарда тутилган талаблар ва шартларни бузганлиги сабабли, хонандалар номига берилган лицензиянинг амал қилиши муддати 1 июлдан тўхтатилган.

Хўш, бу уч санъатчи қандай талаб ва шартларни бузишган? Хабарда айтилишича, улар “Ўзбекнаво” бирлашмасининг рухсатисиз хориж сафарига чиқишган экан.

Шунингдек, яна 11 нафар хонанда айнан шу каби қулоқсизлиги эвазига огоҳлантирилган. Уларнинг орасда эл орасида машҳур бўлган Собиржон Мўминов, Илҳом Фармонов каби “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”лар бор.

Санъатчиларнинг ҳар бир қадамини назорат қилиш йўлига ўтган “Ўзбекнаво”нинг ўзини бекитиш замони келмадимикан?