02 July 2015
06:20 - “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат ўз ўринбосари Дайнов Ташанов билан “Нима қилиш керак?” саволини муҳокама қилди
“Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси раиси Абдураҳим Пўлат вақтинча мажбуран яшаётган Вашингтон билан Дайнов Ташанов яшаётган Ўзбекистон ўртасидаги соат фарқи туфайли бу суҳбат 30 июндан 1 июлга ўтар кечаси бўлди, дейди мухбиримиз. Суҳбатнинг қисқа мазмуни қуйидагича.

“Бирлик” Партияси ўзининг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги билан бирганликда Ўзбекистоннинг иқтисодий аҳволига тўғри диагноз қўйди. Иқтисоднинг асосий кўрсатгичи бўлмиш Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича Ўзбекистон қўшниларимиз Қозоғистондан 8, Туркманистондан 6 баравар орқада эканлигини кўрсатувчи рақамларни очиқлади . Бу рақамлар ўзбек халқидан ҳар доим бекитиб келинаётган эди. “Бирлик” ва “Ҳаракат” бу рақамларни тўхтовсиз Интернет сайтлари орқали қайтаравергандан кейин, Ўзбекистон ҳукумати тарихда биринчи марта бизда Ялпи Ичким Маҳсулот ҳажми кулгили равишда кам эканлигини, тўғрироғи, 59 млрд АҚШ долларига тенг эканини тан олди.

Тўғри, Ўзбекистон ҳукумати ҳали ҳеч қандай таҳлил бермади, биздан аҳолиси икки баравар кам бўлган Қозоғистоннинг Ялпи Ички Маҳсулоти 240 млрд доллар атрофида эканлигини тан олмади. Шундай экан мухолифатнинг вазифаси – ҳукуматни мавжуд вазиятни тан олишга мажбур қилдиришгина эмас, уни бу аҳволдан чиқиш учун амалий ишлар қилишга мажбур қилишдир.

Икки лидер шу йўналишда ҳаракат қилиб, биринчи қадам сифатида, қишлоқ хўжалигида қилиниши керак бўлган ислоҳотлар ҳақида мақолалар тайёрлаш, уларни халққа етказиш, Ўзбекистон ҳукуматини шу йўналишда амалий ишлар қилишга зўрлаш кераклиги хусусида келишдилар.

Агар мавжуд ҳукумат шу йўналишда бирон нарса қилиш истагини кўрсатса, у билан ҳамкорлик қилиш ҳам кераклигини урғуладилар.