29 June 2015
21:08 - Пекинда Осиё Инфраструктуравий Инвестияциялар Банки тузиш ҳақида асосий ҳужжат имзоланди, Ўзбекистон ҳам ўша ерда

Осиё Инфраструктуравий Инвестияциялар Банки (ОИИБ) бу қитъанинг 57 давлатнинг иштирокида тузилмоқда. Бу ҳақда бугун Пекинда асосий ҳужжат имзоланди. Хитой расмийларига кўра, ҳужжатни имзолаш маросимига 57 мамлакатдан 500 делегат келган.

Банк акциялари тақсимотида Хитой, Ҳиндистон ва Россия биринчи уч ўринда. Хитой акцияларнинг 30,34 фоизига, Ҳиндистон 8,52 фоизига, Россия Федерацияси 7,5фоизига эгалик қилади.

Аслида, бу банк йўқ жойда қурилмаяпти. 2014 йили Хитойнинг ташаббуси билан 21 давлатнинг иштирокида шу ном остида бир банк қурилган эди. Украина-Россия конфликтидан кейин дунёда Ғарб билан бошқаларнинг қарама-қаршилик даражаси кучайгани сабабли, Ғарб қаршисида тиш кўрсатишни истаганлар бу банкнинг мақомини юксалтиришди, холос.

Ўз-ўзидан маълумки, ОИХХнинг мақсади - Жаҳон Банки ва Халқаро Валюта Фонди билан рақобат қилиш, келажакда етакчи ўринга чиқишдир. Узоқ келажакда ҳар нарса бўлиши мумкин, аммо яқин келажакда ҳеч нарса ўзгармайди. Ўзгариш ҳеч бўлмаса тахмин қилинса эди, Владимир Путин бугунги маросимга биринчи бўлиб етиб келарди.

Дарвоқе, бош қароргоҳи Пекинда бўладиган бу банкнинг 57 қурувчиси ичида Ўзбекистон ҳам бор. Яккамоховлиги билан танилган ва Ўзбекистонни ҳам яккамоховга айлантираётган Ислом Каримни бунга хўжайини Владимир Путин мажбур қилгани шубҳасиз.