26 June 2015
22:13 - Исломчиларнинг Рамазон билан ҳам иши йўқ, мақсадлари – одам ўлдириш

Жаҳон хабар агентликлари Туниснинг Ўрта ер денгизи соҳилидаги Соуссе номли курорт шаҳридаги пляжлардан бирида бир террорист 37 кишини отиб ўлдирганини билдирдилар. Туристларга ўхшаб кийиниб олган одам қўлидаги зонтикнинг ичига тиқилган Калашников автомати билан тўғри келган одамни ўлдираверган, ўлганларнинг ичида Британия, Германия ва Бельгиядан келган турстлар ҳам борлиги айтилмоқда. Полиция террористни отиб ўлдирмаса, ҳалок бўлганлар сони бундан ҳам кўп бўларди. Террористнинг белида у портлатишга улгурмаган бомба ҳам бор экан.

Бугун иккинчи катта террористик воқеа Қувайтда юз берди. Ўлимчи-террорист шиаларнинг мачити ичида ўзини-ўзи портлатиб йигирматача кишининг ўлимига сабабчи бўлган. Бу террористик акт учун маъсулиятни ўз бўйнига олган ИШИД ўз тарафдорларини Рамазон ойида яна ҳам фаолроқ бўлишга чақирган. Табиий, гап одам ўлдириш фаоллиги ҳақида кетмоқда.

Учинчи воқеа Шимолий Сурияда бўлди. Яқинда курдлар қўлига ўтган Кобани шаҳрига ИШИД аскарлари курдларнинг кийимларида кириб олиб, тинч аҳолидан камида 145 кишини ўлдирдилар. Кейин курдлар ҳужумга ўтиб, қонли жанглар бошлангани ҳақида ҳам хабарлар бор.

Францияда эса, боши олинган ва баданига арабча сўзлар ёзилган одамнинг танаси топилди. Бу воқеанинг ҳам ислом террорига алоқаси бор-йўқлиги ҳақида ҳеч нарса айтилаётгани йўқ. Аммо, калласи йўқ танага арабча сўзлар ёзилишининг ўзи ҳаммани шу йўналишда ўйлайдиган қилиб қўймоқда.

Дунё ислом терроризмининг илдизлари Ислом динининг ўзида эканлигини, Исломда фундаментал ислоҳотлар қилиниб, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилмаса, ислом терроризми тугамаслигини тушуниб етмагунча одамзод террористик актлар ичида яшашга мажбурдир.

Расмда – Тунисдаги теракт қурбонларидан иккитасининг жасади.