22 June 2015
18:11 - АҚШда ирқчили йўқ, одамларнинг қўлида қурол кўпайиб кетиши бор

Бундан бир неча кун аввал 21 ёшли оқ танли йигит Дилан Руф афро-америкаликларнинг Чарлстон шаҳридаги черковига кириб, 9 кишини отиб ўлдирган эди. Буни дарҳол АҚШда ҳали ҳам ирқчилик давом этаётганининг исботи сифатида кўрсатишга уринишлар бошланди. Кейинчалик Дилан Руфнинг Интернетда эълон қилинган баёноти ҳам топилди. Бу баёнотда ўша йигитнинг қора танлиларга нафрати, оқ танлиланинг қора танлилардан юқори эканлигига ишониши ҳамда неонацизим ғоялари билан суғорилгани кўриниб турарди.

Аммо, бошқа фактлар ҳам ўртага чиқди. Дилан Руф ўша қонли воқеалардан бир неча кун аввал ўтроқларига ўзи ўқийдиган университетда ҳаммани қирғин қилиш ниятини билдирганда, унинг ўртоқларидан бири унинг тўппончасини вақтинча олиб ҳам қўйган экан.

Яъни, Дилан Руфнинг ирқчилик эмас, психологик касаллиги тўғрисида гапириш мантиқлироқ бўларди.

АҚШ Президенти “Биз ирқчилик касаллигидан ҳали тузалганимиз йўқ” деса ҳам, АҚШда ирқчилик муаммоси йўқлигини урғулади. Бу - муаммога жуда тўғри ёндошишдир, дейди мухбиримиз. Масалага яна ҳам кенгроқ маънода қараш керак.

Оддий мисол. Ҳозир АҚШдек давлатда одамларнинг сал ҳаммасида автомобиль бор, ҳар бир одам автомобилдан фойдаланади, автомобиль ҳайдайди. Шунга яраша автоҳалокатлар сони ҳам, ҳалок бўлаётганлар сони ҳам жуда катта. Бунга қарши курашиш керак ва курашилмоқда. Аммо, ҳеч ким бу ҳалокатларда оқ танли ҳайдовчининг айби билан ўлган қора танлиларнинг сони ёки тескарисини санаётгани йўқ-ку.

Худди шунга ўхшаб, одамларнинг қўлидаги қурол сони ҳам кун сайин ортиб бормоқда. Автомобиль бор экан, автоҳалокатлар бўлганидек, қурол борми, у эртами кеч отади. Биров тасодифан олдидаги одамни ўлдириб қўяди, биров жанжалдан кейин жаҳл устида ўзига ёқмайдиган қўшнисини отиб ўлдиради. Уларнинг ичида қора танлиларни ёқтирмагани учун қора танлиларни ўлдираётган оқ танлилар ҳам бўлиши мумкин. Дилан Руф каби. Бироқ тескари ҳоллар ҳам йўқ эмас.

Демак, бугун жамиятларда қурол муаммоси ҳам бор. У билан ҳам шуғулланиш керак. Аммо, яна Барак Обама айтганидек, АҚШ Конгрессида қурол ишлаб чиқарувчи компанияларнинг лоббиси кучли. Шу сабабли, қурол сотишни жиловлаш ҳақида қонун чиқариш имконияти бўлмаяпти.

Расмда – Дилан Руф полиция тарафидан ушлаб кетилаётган пайт.