19 June 2015
20:43 - АҚШ элчихонаси виза беришни вақтинча тўхтатди
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси виза беришни вақтинча тўхтатгани ҳақида маълум қилди. АҚШ Давлат департаменти консуллик масалалари бўйича бюросига кўра, бунга виза бериш тизимидаги техник муаммолар сабаб бўлган. АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси тарқатган баёнотга кўра, бу муаммо фақат Ўзбекистонга тааллуқли эмас.

“Ҳозирги вақтда, 2015 йил 8 июндан кейин маъқулланган иммиграцион ва ноиммиграцион визаларни чоп эта олмаяпмиз. Бундан ташқари, 2015 йил 9 июндан кейин ноиммиграцион виза олиш учун DS-160 формасини онлайн тарзда тўлдирган аризачилар ҳам белгиланган санада суҳбатдан ўта олишларини ҳам кафолатлай олмаймиз. Агар сафар қилиш режангиз суҳбатдан ўтишни июль ёки август ойларига қолдириш имконини берса, ана шу саналарга суҳбатга ёзилишингизни тавсия қиламиз”, дейилади АҚШ элчихонаси баёнотида.