18 June 2015
09:18 - Бугун муқаддас Рамазон ойи бошланди, рўза фарз эмас, аммо савоб эканлигини унутмайлик

Ҳа, бугун исломий тақвим Қамария бўйича 9-чи ой, яъни Рамазон ойи бошланди. 29 кун давом этадиган Рамазон ойида мусулмонлар қуёш чиқишидан қуёш ботишигача ҳеч нарса емайдилар, ҳеч нарса ичмайдилар, яъни рўза тутадилар. Рўза – Ислом динининг 5 та фарзидан биттаси ҳисобланади. Фарзни бажармаслик гуноҳдир.

Бу йил Рамазон ойи кундуз куни, яъни Қуёш чиқишидан ботишигача бўлган вақт, энг узун бўлган даврга тўғри келмоқда. Экватордан узоқлашиб, Шимолий қутбга яқинлашган сари куннинг узунлиги яна ҳам ортиб боради. Тўғри, қутбга яқинлашган сари одамларнинг зичлиги ҳам камайиб боради. Аммо, одамлар анчагина зич яшайдиган ерларда ҳам куннинг узунлиги 20 соатдан кўп бўлган жойлар бор. Бундай жойларда рўза тутиш, айниқса ёши катталар учун соғлиққа зарар ва хатто хавфдир.

Оллоҳ шуларни била туриб, рўзани Ер юзининг ҳар бир нуқтаси учун фарз қилиши мумкинми? Мумкин эмас. Қуръонни биринчи бўлиб ўқиган арабларда бундай савол туғилмагани, табиий. Чунки, араблар кундуз билан кечаси тахминан тенг бўлган кенгликлaрда яшар эдилар.

Ҳозир ҳеч шубҳа йўқки, араблар ўша пайтда Қуръонни хато тафсир қилганлар ва 5 та фарз борлиги ҳақида хато қарор чиқарганлар. Қолавeрса, Ер думалоқ бўлгани сабабли, Қаъбанинг горизонтидан ташқарисида Каъбага қараб намоз ўқиб бўлмайди, мусулмонларнинг сони ортиб бориши билан ҳозирданоқ ҳаж қилиш учун жой етишмаяпти.

Шундай экан, Ислом дини ўзининг ягона фарзи Имон бўлиб, 5 маҳал намоз, рўза, ҳаж ва закот - қилинса савоб, қилинмаса гуноҳ бўлмаган амалиётлар эканлигини тан олиш замони келмоқда. Ҳеч шубҳа йўқки, яқинда айнан шундай бўлади ҳам.

Нима ҳам дердик, рўзангиз савоб бўлсин, азиз мусулмонлар!