09 June 2015
13:45 - Туркиянинг янги ҳукумат қуриш бош оғриғи
Якшанба куни бўлиб ўтган парламент сайловларнинг узул-кесил натижаларига кўра, 550 ўринлик Олий Мажлисга кирган 4 та партиянинг депутатларини сони ҳам маълум бўлди:

АТП - Адолат ва Тараққиёт Партияси – 258

ЖХП - Жумҳурият Халқ Партияси – 132

МҲП - Миллиётчи Ҳаракат Партияси – 80

ХДП - Халқларнинг Демократик Партияси – 80

АТП якка ўзи ҳукумат тузолмайди. МҲП ва ХДП раҳбарлари АТП билан коалицияга кирмаликларини эълон қилдилар. Сўлчиларнинг ЖХПси ҳали очиқ фикр билдиргани йўқ, аммо у ҳам коалиция истамас керак. Қолаверса, исломчиларнинг ўзи ҳам буни истамасликлари аниқ.

Бутун Туркия ахборот воситалари энди нима бўлиши ҳақида фол ичиш билан овора. АТПнинг юқори даражали мулозимлари вақтидан аввал янги сайлов ўтказиш кераклиги ҳақида ҳам гапирмоқдалар. Агар ҳамма шу фикрга келса, вақтинча, яъни янги сайловларгача, озчилик ҳукумати тузилиши мумкин.

Ҳали партиялараро ҳеч қандай мулоқот бўлмаганини қўйиб турнг, Президент Эрдўғон ва Бош вазир Довудўғли сайлов натижаларини муҳокама қилиш учун учрашмадилар.