07 June 2015
21:41 - Туркияда сайловлар тугади, илк натижаларда сенсация йўқ
Сайлов олдидан тадқиқиотлар ўтказган турли ташкилотлар бугун Туркияда бўлган парламент сайловларининг натижаларини аввалдан қуйидагича тахмин қилган эдилар:

АТП - Адолат ва Тараққиёт Партияси - 43-46 фоиз (исломчиларнинг ҳокимиятдаги партияси)

ЖХП - Жумҳурият Халқ Партияси – 24-27 фоиз (мухолифатдаги марказчи сўл қанот партия)

МҲП - Миллиётчи Ҳаракат Партияси – 14-16 фоиз (мухолифатдаги марказчи ўнг қанот партия)

ХДП - Халқларнинг Демократик Партияси - 8-10 фоиз (бу партия курдларникидир)

Мана Туркияда сайлов участкалари бекилганига 2 соатча бўлди. Сайлов пайтида ҳеч қандай кутилмаган воқеалар юз бермади.

Туркиянинг энг обрўли Миллиёт газетаси бераётган хабарларга кўра, ҳозиргача сайлов бюллетенларининг тахминан 85 фоиз санаб бўлинди. Натижалар қуйидагича:

Адолат ва Тараққиёт Партияси – 42,57 фоиз

Жумҳурият Халқ Партияси – 24,85 фоиз

Миллиётчи Ҳаракат Партияси – 16,92 фоиз

Халқнинг Демократик Партияси – 11,27 фоиз

Яъни, АТП кутилгандан бироз камроқ, МХП ва ХДП бироз кўпроқ овоз олмоқда. ЖҲПга берилган овозлар кутилгандек.

Умумий сайловчиларнинг 85 фоизи, яъни сал кам 54 млн сайловчининг 45 миллиондан кўпроғи бугун овоз беришда қатнашибди.

Расмда – Президент Ражаб Эрдўғон Истанбулда овоз бермоқда.