05 June 2015
07:50 - Ғарб Россияга қарши санкцияларни 2016 йилнинг охиригача чўзмоқчи
Россия Қримни босиб олгандан кейин “катта саккизлик” (G8) номли давлатлар коалициясидан отилгач, бу коалиция “катта еттилик” (G7) бўлиб қолганди. Булар - Буюкбритания, Германия, Италия, Канада, АҚШ, Франция ва Япония.

7 июнда Германияда бошланадиган G7 саммитида Россияга қарши киритлган санкцияларни 2016 йилнинг охиригача чўзиш ҳақида қарор олиниши кутилмоқда. Санкциялар рўйхати яна ҳам кенгайтирилиш мумкин.

Шу муносабат билан турли давлат раҳбарларининг турли баёнотлари диққатга сазовордир.

Россия Бош вазири Дмитрий Медведев санкцияларни тўхтатишни сўрамаймиз, деди. Президент Путиннинг Бош котиби Дмитрий Песков ҳам шу фикрни такрорлади. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров “Антироссия санкциялари Россия иқтисодини диверсификация қилишга (турлилаштиришга) ёрдам беради” дейишгача борди.

Канада Бош вазири Стивен Харпер “Путин бор экан, Россия G7 га қайтади деб ўйламайман” деди. Тахмин қилиш қийин эмаски, бу G7 га кирувчи ҳамма мамлакатларнинг фикри.

Бир неча кун аввал Москвага келиб Владимир Путин билан ҳам учрашган Словакия Бош вазири Роберт Фицо ўзи мамлакати ҳам аъзо бўлган Европа Иттифоқини Россияга қарши санкцияларни тўхтатишга чақирди. Россиядан бир нарсалар ундириш мақсадида Россияга ёқадиган гаплар айтган Роберт Фицони тушуниш мумкин. Бундай давлатлар Ғарбда, айниқса. Шарқий Европада бор, аммо уларнинг фикри катта роль ўйнамайди.

АҚШ Давлат Департаментининг расмийлари Россияга қарши санкцияларни юмшатирш ҳақида ҳеч қандай ички муҳокамалар ҳам йўқлигини таъкидламоқдалар. Хуллас, русларнинг иши чатоқ.