04 June 2015
14:23 - Баҳодир Ахмедов Маданият ва спорт ишлари вазири этиб тайинлангани билан аянчли аҳволимиз ўзгармайди

Президент Ислом Карим шу кунларда Баҳодир Ахмедовни Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазири этиб тайинлади. У шу пайтга қадар мазкур вазирлик тизимидаги “Ўзбекнаво” гастрол концерт бирлашмаси раҳбари лавозимида ишлаб келган. Бу лавозимда 2013-14 йилларда шоир Минҳожиддин Мирзо ўтирган, бироқ ўзи йўқ етакчилик қобилиятини кўрсатолмагани сабабли вазирлик курсисидан четлатилган бўлиб, ўша пайтдан бери бечора Ислом Карим одам тополмаётгани сабабли, ўзбек халқи маданият ва спорт вазирисиз қолганди.

Хўш, янги вазир нима каромат кўрсатади? Ҳеч қандай? Тарих тажрибаси кўрсатмоқдаки, биронта ғояга асосланган диктаторликларда маданият ва спорт маълум маънода ривожланган, ҳатто чўққиларга кўтарилган. Ўзбекистондаги диктатура эса, фақатгина Ислом Каримнинг ўлгунча тахтда ўтириш истагига асосланган. Шу сабабли, миллат ва давлат билан бирга маданият ва спорт ҳам ўлмоқда.

Сўнги йилларда мадният соҳасида биронта ютуғимиз йўқлигини ҳамма билади. Ҳозир бизда маданият чийиллаб ўзи йўқ тоҳир-зуҳраларни мадҳ этувчи хонандаларга қолган.

Спортчи? Бу соҳада биттагина мисол келтириш кифоя. 2014 йил 19 сентябрдан 4 октябргача Жанубий Кореяда бўлиб ўтган XVII ёзги Осиё ўйинларида Ўзбекистон 9 та олтин, ҳаммаси бўлиб 44 та медаль олган бўлса, аҳолиси биздан 2 марта кам бўлган Қозоғистон 28 та олтин, ҳаммаси бўлиб 87 та медаль олган эди.

Яъни, фақат иқтисодда эмас, маданият ва спортда ҳам аянчли аҳволдамиз. Вазир алмаштирган билан ишлар тузалмайди, чунки, балиқ бошидан сасиган.