31 May 2015
00:18 - Бечора мусулмонлар: Ўрта ер денгизида 4 минг муҳожир европаликлар тарафидан қутқарилибди, ўзбекларни ким қутқаради?

Жаҳон хабар агентликлари кеча бир кунда Шимолий Африкадан Европага қочоқ йўллар билан келаётган 4 минг мигрант қутқарилганини билдирдилар.

Маълумки, бир ой аввал Африкадан Италияга 700 ёки 900 меҳнат муҳожирини олиб келаётган кемача ҳалокатга учрагач, сони 700 дан 900 гача бўлган киши ҳалок бўлган, шу масала бўйича Люксембургда йиғилган Европа Иттифоқига кирувчи давлатларнинг ташқи ва ички ишлар вазирлари меҳнат муҳожирларининг ҳаётини ҳимоя қилиш бўйича муҳим қарорлар қабул қилгандилар. Қарорга кўра, ЕИнинг денгиз кучлари энди Африкадан меҳнат муҳожирларини ноқонуний шаклда олиб келаётган кемаларни Африка қирғоқларига яқин жайлардаёқ тўхтатиш, одам контрабандаси билан шуғулланаётган кемаларни йўқ қилиш билан шуғулланишлари керак эди.

Бундай қарорнинг икки тарафини кўрабилиш муҳим. ЕИ фақат меҳнат муҳожиларни қутқариш эмас, уларнинг оқимини камайтириш устида ҳам иш бошлaганди.

Шу сабабли, Африкадан Европага келаётган 4 минг меҳнат муҳожири қутқарилгани ҳақида эмас, ушлангани ҳақида гапириш мантиқлироқ бўларди. Табиий, уларнинг бир қисми йўлда ҳалок бўларди, қолганлари Европага етиб келиб, ноқонуний меҳнат муҳожирлари сонини орттирирди.

Аммо, нега Ислом дунёси миллионлаб мусулмонлар қашшоқликдан қочиб, Ғарбга етиб олиш учун ҳар қандай хавфга ҳам кўз юмаётгани ҳақида ўйламайди. Бунинг сабаблари устида, бу аҳволдан чиқиш устида ўйламайди, ҳеч нарса қилмайди? Чунки, мусулмонларга кўра, ҳамма нарса Оллоҳдан, демак, Оллоҳ шуни истаяптими, демак мусулдмонлар ўлиб кетаверишлари керак.

Африкани қўйиб тураверинг, ўзимизнинг Ўзбекистонда ҳам аҳвол шундай. Россия ва Қозоғистон билан ўртамизда денгиз бўлмагани сабабли, бизда сувга чўкаётган меҳнат муҳожирлари йўқ ҳисоб. Аммо, миллионлаб ўзбеклар ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоясиз, ойлаб-йиллаб ўз оилаларини кўрмасдан чет элларда ишлаётганлари ва уларнинг келажаги ҳақида “Бирлик” Партияси ва “Ҳаракат” Агентлигидан ташқари ҳеч ким ўйлаётгани йўқ. Аҳволимизнинг ғариблигини сабаби ҳам шунда.