26 May 2015
23:20 - Ўзбекларга яхши хабар: Қозоғистон ишсизларнинг камлиги бўйича ЕИИ давлатлари орасида биринчи

Расмий маълумотларга қараганда, Евросиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо давлатлар ичида Қозоғистонда ишсизлик энг паст даражасда эканлиги эътироф этилди. Мамлакатдаги иқтисодий фаол аҳолининг 0.6 фоизи ёки бор-йўғи 56.1 минг киши ишсиз эканлиги маълум бўлди. Ундан кейинги ўринда Беларусь (0.9 фоиз ёки 39 минг) ва Россия (1.3 фоиз ёки 1 миллион) турибди.

Бу маълумотлар МДҲ давлатлараро статистик қўмитаси томонидан эълон қилинган.

Шунингдек, Қирғизистонда ишсизлар сони 59.3 минг кишига, Арманистонда эса 73 минг кишига тенглиги айтиб ўтилади. Агар Ўзбекистон мазкур жамиятга аъзо бўлганида, шубҳасиз, бу соҳада ҳам сўнгги ўринда бўларди.

Аммо, ўзбеклар бундай аҳволдан қувонишлари керак. Қозоғистонда ишсизлар сонининг камлиги, бу мамлакатда ишчиларга эҳтиёж борлигининг кўрсатгичидир. Демак, ҳозир Россияга бориб мардикорлик қилаётган миллионлаб ўзбеклар Қозоғистонга келишлари мумкин. Биринчидан, йўлкира ҳаражатлари камаяди, иккинчида, русчадан кўра қозоқчани ўрганиш осон. Ҳозир йиллаб ўз фарзандлари ва турмуш ўртоқларини кўрмасдан кун кечираётган ўзбек мардикоралари бундан буён уйларига Қозоғистондан тез-тез бориб келишлари мумкин.

Қаранг, ростдан ҳам ўзбеклар омадли халқ. Ёнимизда Қозоғистон бўлмаса, нима қилардик?