26 May 2015
22:36 - Россияда ўзбекистонлик жиноятчилар ҳибсга олинди
Тюменда ўзбекистонлик 59 ёшли Назиржон Ҳакимов ҳибсга олинди. Маълум бўлишича, у 6 йилдан буён Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қидирувда бўлган. У Самарқанд-Бухоро-Ашхобод йўлидаги 21 километрлик участкани таъмирлашга ажратилган 20 миллион сўмни ўзлаштиришда айбланганлиги ҳам рус ахборот воситаларида тарқатилган хабарларда бор.

Россия бош прокуратураси тез кунда уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш юзасидан қарор қабул қилармиш.

Шунингдек, ўтган куни Россиянинг Киров вилояти ҳудудида яна бир Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинган. У яшаётган уйдан тақиқланган моддалар топилган. "Текширувлар шуни кўрсатдики, бу тақиқланган моддалар нос бўлиб чиқди. Мусодара қилинган нос миқдори 127 килограммни ташкил этди", дейилади Россия гиёҳванд моддаларга қарши кураш бошқармасининг Киров вилояти ҳудуди бўйича бўлими матбуот хизмати тарқатган хабарда.