26 May 2015
01:29 - Туркияда 7 июнда бўладиган парламент сайловларидан қандай натижалар кутилмоқда?

Бир нарса шубҳасиз ва аниқ. Бир маҳаллар ҳозирги Президент Ражаб Эрдўғон тарафидан тузилган Адолат ва Тараққиёт Партияси биринчи ўринда бўлади. Ойлардан бери ўтказилаётган турли тадқиқотлар ҳам айнан шуни кўрсатмоқда.

Ўтган йили ўтказилган президентлик сайловларида ғалаба қозонган Ражаб Эрдўғон сайловлардан олдин Бош вазир, ҳамда Адолат ва Тараққиёт Партиясининг раиси эди. У сайловларда 51,79 фоиз овоз олиб ғалаба қозонди. Туркия Конституциясига кўра, Президент ҳеч бир партияга аъзо бўлолмайди. Шу сабабдан, АТПга Аҳмат Довутўғли раис қилинди ва унинг ўзи Бош вазир ҳам бўлди. Табиий, буларнинг ҳаммасини Ражаб Эрдўғон қилди.

Ўшандан бери Ражаб Эрдўғон Конституцияга хилоф равишда Туркияни феълан президентлик давлатига айлантириб, ҳамма ерда ўзини биринчи сафга чиқарди. У ўша пайтдан бери, 7 июнда бўладиган парламент сайловларида АТП 50 фоиздан кўп овоз олишига ишонишини, янги парламент Туркияни президентлик давлатига айлантиришини гапирар эди.

Мана сайловларга 2 ҳафта қолди. Жамоатчилик фикрини ўрганиш билан шуғулланадиган жуда кўп тадқиқот марказлари сайловларнинг натижасини башорат қилиш мақсадида сўровномалар ўтказдилар. Улар эълон қилган рақамлар бир биридан катта фарқ қилмайди.

Энг кучли 4 та партия оладиган овозларининг фоизи тахминан қуйидагича чиқмоқда:

Адолат ва Тараққиёт Партияси - 43-46 фоиз

Жумҳурият Халқ Партияси – 24-27 фоиз

Миллиётчи Ҳаракат Партияси – 14-16 фоиз

Халқнинг Демократик Партияси - 8-10 фоиз (бу партия курдларникидир)

Бир неча майда партиянинг ҳар бири 1 фоиз атрофида овоз олиши мумкин экан. Туркия қонунларига кўра, парламентга 10 фоиздан кўп овоз олган партияларгина киради. 10 фоиздан кам овоз олган партияларнинг овозлари эса, 10 фоиздан кўп овоз олган партияларга, уларнинг ўзи олган овозларга пропорционал қилиб тарқатилади.

Яна ўша сўровномалардан маълум бўлишича, аввалги парамент сайловида АТПга овоз берганларнинг 12 фоизи бу сафар унга овоз бермаслигини айтса, 8 фоизи эса ҳали бир қарорга келмабди. Аммо, ЖХПда бу рақамлар 4 ва 3, МХПда эса 10 ва 7,5 экан.

Яъни, сўровномаларнинг натижаларига кўра, исломчиларнинг Адолат ва Тараққиёт Партияси мавқесини йўқотмаса ҳам, Эрдўғон ўйлаётгандек, мутлоқ ҳукмрон партияга айланолмайди.

Бу турклар учун ҳам, Турк Дунёси учун ҳам яхши хабар, дейди мухбиримиз. Чунки, Адолат ва Тараққиёт Партияси янада мустаҳкамланса, исломчиларнинг Туркияни исломий давлатга айлантириш хаёли яна ҳам ортган бўларди.

Айни замонда, шуни айтиш керакки, Ражаб Эрдўғоннинг исломий риторикаси ислом фанатикларини рағбатлантирмоқда. Масалан, кеча Истанбулда юнонлар тарафидан 4 асрнинг бошларида қурилган, Истанбулни турклар босиб олгандан кейин (1453 йил) жомега айлантирилган, 1935 йили Отатуркнинг қарори билан музей қилинган Ая-София черковини яна жомега айлантиришни талаб қулувчи кичкина бўлса ҳам митинг бўлибди.

Агар АТП Туркияда ҳамма нарсани қўлга олса, шубҳасиз, Ая-София яна жомега айлантирилади. У ҳолда Туркиянинг Ғарб билан алоқалари бутунлай бузилади ва катта эҳтимоллик билан айтиш керакки, Ғарбнинг саъй-ҳаракатлари билан Туркия парчаланиб кетади. Отатуркнинг буюк ғалабаси - ўтган асрнинг 20-чи йилларида бунга йўл қўймагани эди.