23 May 2015
20:40 - Қизиқ: АҚШ Давлат Котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Хитой ва Кореяда нима қилмоқчи?

Давлат Департаментининг бизнинг адресга ҳам келадиган кундалик дайжестида айтилишича, Давлат Котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Ниша Бисвал шу йил 26-30 май кунлари Хитой пойтахти Пекин ва Жанубий Корея пойтахти Сеулга боради.

Давлат Котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси деб расман айтиладиган Ниша Бисвал Давлат Департаментининг Жанубий ва Марказий Осиё бўлимининг раҳбаридир. Бу бўлим Шри-Ланка ва Бангладешдан тортиб Марказий Осиёгача бўлган давлатлар билан иш олиб боради. Яъни, Хитой ва Жанубий Корея бу бўлим иш олиб борадиган давлатлар рўйхатида эмас.

Шундай экан, Ниша Бисвал Хитой ва Кореяда нима қилмоқчи, деган савол туғилиши табиийдир. Бу нарса АҚШнинг ички иши эканлиги ҳам табиий, аммо сарлавҳадаги саволнинг келиб чиқиши ҳам табиийдир.

Давлат Департаментининг қисқа дайжестида бу саволга жавоб йўқ. Аммо, Ниша Бисвалнинг бу икки мамлакатга сафари @NishaBiswal ва @State_SCA адресларида ёритиб борилиши айтилган.