22 May 2015
17:25 - Ўзбекистонда шундоғам аянчли бўлган ЯИМи ҳажми яна пасаяди, Абдураҳим Пўлатнинг таклифларига қулоқ солинмаса, қозоқларга мардикорлик қилишдан бошқа йўлимиз қолмайди?

Ўзбекистонда Ялпи Ички Маҳсулотнинг ўсиши пасаяшини Халқаро Валюта Жамғармаси башорат қилмоқда. Молия муассасасига кўра, бу йил Ўзбекистонда Ялпи Ички Маҳсулотнинг ўсиши 6,2 фоиз бўлади, ўтган йили 8,1 фоиз эди. Эслатиб ўтамиз, ЯИМ ҳажми бизда тахминан 59 миллиард АҚШ долларига тенг эканлиги “Ҳаракат”нинг тўтовсиз танқидларидан кейин Ислом Карим тарафидан у йил биринчи марта эълон қилинган. Бу рақам Ислом Каримга хос равишда кўпиртирилган. Буни исботлаб бериш ҳам мумкин. Аммо, уни тўғри деб қабул қилсак ҳам, у - қўшни Қозоғистонннг ЯИМ ҳажмидан абсолют миқдори бўйича 4 баравар, киши бошига ҳисоблаганда эса сал кам 8 баравар (!!) камдир.

ХВЖга кўра, инфляция ўсиши Ўзбекистонда бу йил 9,5 фоизга етади.

Халқаро Валюта Жамғармаси Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам Ялпи Ички Маҳсулот ўсиши 2015 йилда 5 фоизгача озайиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Жамғарманинг билдиришича, Қирғизистонда ўсиш 1,7 фоиз, Қозоғистонда 2 фоиз, Тожикистонда 3 фоиз, Туркманистонда 9 фоиз бўлади. Россияда бу йил рецессия, яъни ВВП тушиши кутилаётгани эса ХВЖсиз ҳам маълум. Буни русларнинг ўзлари тан олмоқдалар.

Биз ўзбеклар ўзимизни на минтақада, на дунё масштабида ҳеч қандой роли бўлмаган Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан солиштиришимизнинг ҳеч кераги йўқ. Қирғизистон ва Тожикистон - аҳолисининг сони камлиги ва умумий аҳволи биздан ҳам аянчли эканлиги туфайли - гапириб ўтиишга ҳам арзимайдиган давлатлардир. Туркманистон газ заҳираларга бой бўлган учун унинг иқтисодий аҳволи ёмон эмас, аммо аҳолисининг сони кичкиналаги (тахминан 5 млн) ва пичоққа илинадиган саноати бўлмагани сабабли эътиборга лойиқ эмас.

Тўғри, Ўзбекистонни ривожланган мамлакатлар билан солишитириш ҳам мантиқсизлик бўларди. Чуни, улар билан солиштирсак, аҳволимиз қанчалик аянчли эканлигидан йиғлашимиз керак бўлади. Ўзимизни Туркия, Россия ва Қозоғистон каби ўрта ривожланган мамлакатлар билан солиштиришимиз фойдалироқдир. Бу уч мамлакатда киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми 18 минг 830, 14 минг 591 ва 13 минг 236 доллар. Ўзбекистонда эса бор-йўғи 1 минг 800 доллар атрофида. Яъни, улардан 7-10 марта пастдамиз. Ҳатто, уларга нисбатан ҳам қашшоқмиз.

Бу йил бизда ЯИМнинг ўсиши 6,2 фоиз бўлса, киши бошига ЯИМ 100 долларга ортиб, 1 минг 900 дан озгина кўпроқ бўлади. Қозоқларда бор-йўғи 2 фоизлик ўсиш бўлса, киши бошига ЯИМ тахмина 700 долларча ортиб, 14 мингга чиқади. Тўғри, энди бундан буён қозоқларда ўсиш фақат 2, бизда эса 6 фоиз бўлиб қолаверса, уларга 50-60 йилдан кейин етиб олсак керак. Аммо, Қозоғистон бир неча йил ичида ҳозирги кризисдан чиқса, бу эса шубҳасиз, фарқимиз яна ортишга бошлайди.

Демак, “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат айтаётгандек, Ўзбекистон ўзининг иқтисоди ва умуман давлатчилигида инқилобий ўзгаришлар қилмаса, Қозоғистон ўзи режалаштираётгандек 20 йилда дунёнинг 30 та энг кучли мамлакатлари ичига киради, ўзбеклар ёппасига қозоқларнинг мардикорларига айланади.

Ўзбекларнинг, хусусан, келажакда ёппасига мардикорарига айланадиган бугунги ёшларимизнинг бунақа нарсалар билан иши йўқ. Чунки, улар билишадики, мардикорларда ҳам ош ейиш ва туалетга бориш имкони ҳар доим бўлаверади. Уларга бошқа нима керак?