21 May 2015
20:48 - ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИСИ ҒАНИХОН МАМАТХОНОВНИНГ АҲВОЛИ ОҒИР, НАСИМ ИСҲОҚОВНИНГ ЭСА ОЗОД ҚИЛИНГАНИ ХАБАРЛАРИ БОР! (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи №22, 19.05.2015)
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/29-сонли муассасада сақланаётган турмуш ўртоғи, ҳуқуқ ҳимоячиси Ғанихон Маматхоновнинг аҳволи оғирлиги, унинг қон босими тез-тез ошиб кетаётганини маълум қилган Арофатхон Маматхонова Ўзбекистон Республикаси президенти, Бош прокурор ва Олий суд раиси хат ёзди. Бинобарин, бир неча кун аввал Қизилтепадаги колонияда бўлиб қайтган Арофатхон Маматхонова “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурига мувофиқ, эрининг озод қилиниши, унинг аллақачон 60 ёшдан ошганини ўз мурожаатида баён этган.

Қонунчилигимизнинг фирибгарлик ва пора бериш эпизодлари билан берилган жазо муддатини ўтаб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 221-моддаси (Жазони ижро этиш муассасаси тартибини бузиш) асосида янги муддатни битираётган Ғанихон Маматхоновнинг кейинги пайтларда ҳам жазо карцерига ташланмоқда. Унинг қон босими ошиб, ҳатто ярим йилда бир марта яқинлари билан бериладиган суткалик учрашувларни рад қилмоқда. У Президент Ислом Каримовнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида берилган ваъдага мувофиқ озод қилиниши керак эди. Афсуски...

Шу кунларда Жиззахдан Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Насим Исҳоқовнинг озод қилингани ҳақида хабарлар келди. Эмишки, ҳуқуқ фаоли соғлиғининг ўта оғирлиги боис шартли равишда муддатидан аввал жазони ўташдан озод қилинган. Афсуски, бу хабарларга “Эзгулик”нинг мурожатларига қарамай Ўзбекистон ИИВнинг Жазони ижро этиш Бош бошқармаси изоҳ бермаётир. Ҳуқуқ фаолининг яқинлари эса йиллар бўйи ўтказилган таъқиб ва тазйиқлардан безиб қолишган, жамиятимиз фаоллари билан алоқага чиқишни хоҳлашмаяпти.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти мазкур мурожаат орқали яна бир марта Ўзбекистон ҳукуматини юқорида номлари тилга олинган фуқаролик жамияти вакилларини озод қилишга, уларга нисбатан қўлланилаётган айрича муносабатни тўхтатишга чақиради. Ўзбекистон Республикаси Жиноят ижроия қонунчилиги, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури талабларига ҳамкасбларимизни уйларига қайтаришни сўрайди.

Эслатиб ўтамиз, 1953 йилда туғилган Маматхонов Ғанихон Дадахонович Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168- моддаси (Фирибгарлик) ва 211-моддаси (Пора бериш) билан 2009 йилнинг 12 октябрида ҳибсга олинган ва ўша йилнинг 25 ноябрида жиноят ишлари бўйича Охунбобоев тумани суди ҳукми билан 5,2 йилга озодликдан маҳрум қилинган. 2014 йилнинг 17 мартида жиноят ишлари бўйича Қизилтепа суди ҳукми билан қўшимча равишда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 221-моддси билн 3,5 йилга озодликдан маҳрум этилган.

1966 йилда туғилган Насим Исҳоқов эса 2005 йилнинг 27 октябрида товламачилик ва безорлик жинояти билан ҳибсга олинган, жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти суди уни 2005 йилнинг 20 декабрида 8 йилга озодликдан маҳрум қилган. Иккала ҳуқуқ фаоли ҳам эълон қилинган 10 га яқин амнистиялардан маҳрум қилинган.