14 May 2015
16:09 - Қашшоқлигимизнинг яна бир исботи: Қозоғистон Давлат бюджетининг даромад қисми Ўзбекистондан 4 баравар кўп

Бугун Қозоғистоннинг расмий давлат ахборот агентлиги Казинформ мамлакат парламенти Мажлисда ҳукуматнинг 2014 йил бўйича ҳисоботи тингланганини хабар қилди. Молия вазири Бахит Султанов ўтган йили Давлат бюджетининг даромад қисми 7,1 триллиона тенге бўлганини билдирибди. Бугун 1 доллар 185 тенге эканлигини ҳисобга олсак, бу мамлакат Давлат Бюджетининг даромад қисми $44 миллиарддан катта эканлигини кўрамиз.

Эслатиб ўтиш керакки, Ўзбекистонда Давлат Бюджетининг даромад қисми $11 млрд атрофида, яъни қозоқлардан 4 баравар кам. Қозоғистоннинг аҳолиси Ўзбекистондан сал кам икки баравар оздир. Демак, бу кўрсатгични киши бошига ҳисобласак, қозоқлардан давлат бюджет ҳажми 8 баравар орқадамиз. Тўғрисини айтса, қашшоқ давлатмиз.

Чет элда ишлаётган ўзбек мардикорлари ўз оилаларига йилига $9 млрд юборишмоқда. Ҳатто шу пулни Ўзбекистоннинг даромадига қўшсак ҳам, қозоқларга нисбатан қашшоқлигимиз сал кам 5 баравар бўлиб қолаверади.

Ўзбекистон Олий Мажлиси, расмий рўйхатдан ўтказилган сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари, қолаверса, ўзбек зиёлилари - Ал Хоразмий авлодлари бўлган ўзбеклар кечагина отдан тушган қозоқларга нисабатан қашшоқ ҳолга тушганлари билан иши йўқ. Расман инглизлар ва америкаликларники бўлган, аслида МХХ назорати остида ишлайдиган ББС ва Озодлик радиосининг ўзбек хизматлари ҳам шундай аҳволда. Ҳеч ким Ислом Каримдан ва ҳукуматдан бу масала буйича тушунтириш талаб қилмайди ҳам. Ваҳолангки, энди тушунтириш талаб қилиш ҳам фойдасиз, Ислом Карим ва унинг ҳукуматидан исеъфога кетишни талаб қилиш керак.

Минг афсуски, “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлигидан бошқа ҳеч ким ўз миллати ва даввлатининг бугунги аҳволи ҳамда келажаги билан қизиқмайди. Ўзбекистонни ҳалокатдан тезроқ чиқаришнинг ягона йўли – ғафлат уйқусида миллий туйғу ва миллий ғурур нималигини ҳам унутган ўзбекларни қайтадан миллат қилиш, уни “Бирлик” атрофида бирлаштиридир.