14 May 2015
08:41 - Ўзбекистонда 65 турдаги ҳисоботлар бекор қилинди, аммо бундан ҳеч қандай фойда бўлмайди
Мамлакатда 65 турдаги, жумладан, давлат статистика, молиявий ва солиқ ҳисоботлари бекор қилинди. 23 турдаги статистик ва 12 турдаги солиқ ҳисоботларининг бирлаштирилиши ҳисобига уларнинг сони камайтирилди, уларни тақдим қилиш муддати эса узайтирилди. Эндиликда микрофирмалар давлат статистикаси бўйича ҳисоботларни аввалгидек бир йилда 4 марта эмас, балки бир марта, фермер хўжаликлари эса 5 марта ўрнига 3 марта топширишади, деб хабар қилди маҳаллий матбуот.

Президент Ислом Каримнинг “Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ, 12 турдаги ҳисоботга ўзгартиришлар киритилади. Ҳар ой тақдим қилинадиган 7 турдаги ҳисобот эндиликда ҳар чоракда, чораклик ҳисоботлар эса йил охирида тақдим қилинади.

Албатта, бу қарор тадбиркорлар фаолиятини эркинлаштиради, аммо танганинг иккинчи томони ҳам бўлганидек, жиноятчиларнинг ҳам эркинроқ ҳаракатланишига имкон яратади. Ўзбекистон каби коррупцион мамлакатларнинг фожиаси ҳам шунда, дейди мухбиримиз. Шундай экан, Ўзбекистонда ҳисобот тайёрлаш соҳасида эмас, умуман бутун давлатда инқилобий ислоҳотлар қилиш лозим.