12 May 2015
01:19 - Юсуф Жума: Хоин ким, сенми ё ...?!

Отадан, бободан беклик этмаган
Эл қадрини билган Султон бўлурми?!
Махтимқули








Сен жиғилдон дейсан, эр-чи, Туркистон
Елкангга қоқайми, бошингга қоқай?!
Тарих тўқиш сенга қолдими, нодон,
Хоин ким - сенми ё Мустафо Чўқай?!

Душман ғалабаси бўларми байрам,
Адашган авлодлар саналмас шаҳид.
Ёғийлар зафари мотамдир, мотам,
Хоин ким, - сенми ё Боймирза Ҳайит?!

Онанг қулдан олган, қулдан бўлган қул,
Ҳўтикдан - куррадан чиқарми бургут?!
Ёвнинг оёғида ўсган нопок қил
Хоин ким, - сенми ё Боймирза Ҳайит?!

Барча замонларга сен гўё қози
Ҳеч ким эмассану кулбангдай жаҳон.
Эй довюрак қуён, душманга този
Хоин ким, - сенми ё Вали Қаюмхон?!

Турон деб жон тиккан эрларга шараф,
Улар бизга ота, бузруквор падар.
Қарға ўргатмагин булбулга сайраб
Хоин ким, - сенми ё эр Рўзи Назар?!

9 май 2015 йил